“Турон йўлбарслари” республика босқичи якунланди
Чирчиқ шаҳридаги Қуруқликдаги қўшинлар институтида “Турон йўлбарслари” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичи якунланди.
Бир неча кун давом этган мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан саралаб олинган иқтидорли ёшлар иштирок этди. Беллашувлар давомида қатнашчилар жисмоний тайёргарлик,эпчиллик, чидамлилик, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ҳарбий интизом бўйича синовлардан ўтди.

Якуний натижаларга кўра, Тошкент вилояти Зангиота тумани ихтисослаштирилган мактабининг “Амир Темур издошлари” жамоаси ғолиб бўлди. Иккинчи ўрин Андижон вилояти Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабининг “Соҳибқирон” жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Жиззах вилояти Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабининг “Ватанпарвар” жамоаси эгаллади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шакирова иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни табриклади.

Мутасаддилар бундай мусобақалар ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва жисмоний жиҳатдан етук этиб тарбиялашда, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг ватанпарварлик, жасорат ва қатъият каби фазилатларини мустаҳкамлашига муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА