Турон кўчаси замонавий қиёфада
Ҳудудларнинг қиёфаси, аввало, унинг йўллари, пиёдалар учун яратилган шароитлар ва кундалик ҳаёт қайнаган ҳудудлар ободлигида намоён бўлади. Бекобод шаҳрида ҳам аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш, гавжум кўчаларни замонавий қиёфага келтириш борасидаги ишлар давом этмоқда.
Айни кунларда буюм бозорига туташ Турон кўчасида йўл қопламасини янгилашдан тортиб, пиёдалар хавфсизлиги ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилашгача бўлган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Дастлабки ўрганишлар давомида кўчанинг йўл ҳолати, пиёдалар ҳаракати учун яратилган шароитлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда савдо объектлари атрофидаги мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Айни пайтда Турон кўчасининг қарийб 700 метрлик қисмида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиб, янги асфальт-бетон қопламаси ётқизилмоқда. Шу билан бирга, ҳудуд инфратузилмасини комплекс равишда яхшилашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кўчада ирригация тармоғи тортилди, пиёдаларнинг хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши учун тактил қопламали йўлак ташкил этилди. Шунингдек, тунги ёритиш тизими ва замонавий кузатув камераларини ўрнатиш режалаштирилган.
Шунингдек, бозорга туташ тадбиркорлик объектлари олдидаги ноқонуний қурилмалар ва ташқи реклама воситаларини белгиланган талаблар асосида тартибга келтириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Бу орқали савдо ҳудудида тартибни таъминлаш, кўчанинг меъморий қиёфасини яхшилаш ва пиёдалар учун эркин ҳаракатланиш шароитларини яратиш кўзда тутилган.

Бекобод шаҳар ҳокими Наримонжон Исмаилов масъуллар билан биргаликда Турон кўчасида амалга оширилаётган ишларни жойида кўздан кечириб, уларнинг сифати ва белгиланган вазифалар ижросига эътибор қаратмоқда.
А.Мусаев,ЎзА