ТуркПА: рақамли тараққиёт ва халқлар фаровонлиги йўлида парламентлараро ҳамкорлик кучайтирилади
Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТуркПА)нинг XV ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
«Ирис-Ордо» конгресс-холлида ўтказилган тадбир «Сунъий интеллект ва технологик тараққиёт даврида туркий дунёда парламентлараро ҳамкорлик» мавзусига бағишланди.
Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия парламентлари, кузатувчи давлатлар делегациялари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси иштирок этди.
Ялпи мажлис олдидан Ассамблея Кенгашининг йиғилиши ўтказилиб, раислик Қозоғистондан Қирғизистонга топширилди.
Мажлисни бошқарган Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеш Тўрағаси Марлен Маматалиев қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда парламент дипломатиясининг аҳамиятини таъкидлади. Қирғизистон раислиги даврида доимий комиссиялар ҳамкорлигини кучайтириш, ёш парламентарийлар ва аёл депутатлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга устувор эътибор қаратилиши билдирилди.
Озарбайжон Миллий Мажлиси Раиси Соҳиба Ғафарова, Қозоғистон Қурултойи Раиси Айбек Дадебай ва Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Қуртулмуш туркий давлатлар ҳамкорлиги ўзаро ишонч ва умумий манфаатлар асосида ривожланаётганини қайд этди. Сунъий интеллект ва рақамли трансформация соҳаларида қонунчиликни такомиллаштириш, тажриба алмашиш ва парламентлараро алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Мажлисда сўзга чиққан Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева туркий давлатлар ҳамкорлиги мазмун ва амалий натижалар жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро ишончи минтақавий боғлиқликни кучайтириш, умумий имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда долзарб масалаларга биргаликда ечим топишга мустаҳкам асос яратаётганини қайд этди.
– Сунъий интеллект таълим, тиббиёт, иқтисодиёт ва давлат хизматларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар очмоқда, – деди Т.Норбоева. – Айни пайтда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, рақамли хавфсизлик ва технологиялардан тенг фойдаланишни таъминлаш долзарб вазифага айланмоқда. Технологиялар инсонга хизмат қилиши, қарорлар учун масъулият эса инсон зиммасида қолиши шарт.
Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, инсон ҳуқуқларига дахлдор қарорларни фақат сунъий интеллект хулосалари асосида қабул қилишга қонунан йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Сенат Раиси Туркий давлатлар ташкилоти доирасида рақамли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида парламентлараро ҳамкорликнинг учта устувор йўналишини таклиф этди. Булар сунъий интеллектни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича тажриба алмашиш, ундан масъулиятли фойдаланишнинг умумий тавсиявий тамойилларини ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқиш ҳамда парламентлар фаолиятида рақамли технологияларни қўллаш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Мажлисда электрон ҳужжат айланиши, қонун лойиҳаларини автоматлаштирилган таҳлил қилиш ва фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича миллий тажрибалар тақдим этилди.
Қирғизистон томони ТуркПА намунавий қонунларининг ягона электрон реестрини яратиш ва уларнинг қўлланилишини мониторинг қилиш механизмини жорий этишни таклиф қилди.
Қозоғистон ТуркПАнинг намунавий Рақамли кодексини ишлаб чиқиш, қўшма рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ташаббусини илгари сурди.
Озарбайжон эса миллий қонунчиликларни яқинлаштириш, илғор тажриба алмашинувини кенгайтириш ва ёш парламентарийлар фаолиятини жонлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Қуртулмуш Ўзбекистоннинг туркий дунёдаги стратегик аҳамияти ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги фаол ролини алоҳида эътироф этди. Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ТуркПАга тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини қайд этиб, бу Ассамблея нуфузи ва парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди.
Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти А.Раимқулова Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Миллий қонунчиликни такомиллаштириш, маданий ташаббусларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг туркий халқлар муштарак меросини асрашга қўшаётган ҳиссасини таъкидлади.
ТУРКСОЙ Бош котиби С.Раев ҳам туркий давлатлар ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистоннинг роли ортиб бораётганини қайд этди. Давлатимиз раҳбарининг қардош халқлар маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, санъатни қўллаб-қувватлаш ва бой маънавий меросимизни халқаро майдонда тарғиб этишга қаратилган ташаббусларини юксак баҳолади.
Тадбир якунида туркий давлатлар ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликнинг келгусидаги устувор йўналишларини белгилаб берувчи Бишкек декларацияси қабул қилинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Бишкек шаҳри