Туркманистонда Мустақиллик байрами
Туркманистон давлат мустақиллигининг 33 йиллигини кенг нишонламоқда. Анъанага кўра, байрам тантанаси ашхободликлар ва хорижлик меҳмонлар йиғилган Миллий мустақиллик боғида бошланди. Давлат мадҳияси садоси остида Президент Сердар Бердимуҳамедов ёдгорлик мажмуаси лавҳига гулчамбар қўйди.
Сўнгра ҳукумат, парламент, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар раҳбарлари ва вакиллари, оқсоқоллар, чет эл дипломатик миссиялари раҳбарлари, меҳмонлари Туркманистон миллий қадамжосига ҳурмат бажо келтирди. Ҳарбийлар “Давлат трибунаси” мажмуаси олдидан саф тортиб ўтди.
Байрам арафасида пойтахтда мамлакатдаги корхона, ташкилот ва муассасалар илғор ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Давлат раҳбари фармонига кўра, алоҳида хизматлари учун бир гуруҳ фуқаролар орден, медал, фахрий унвонлар билан тақдирланди. Президент ватандошларига ушбу муҳим сана муносабати билан табрик йўллади.

– Қудратли давлатимизнинг янги – Уйғониш даврида ишончли ва масъулиятли ҳамкор сифатида суверен Ватаннинг халқаро нуфузи изчил юксалмоқда, – дейилган мактубда. – Бутун инсоният манфаати, хусусан глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги ташаббусларимиз эътироф этилмоқда. Ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш баробарида дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда кенг қамровли мулоқотни фаоллаштирмоқдамиз.
Бундай ҳамкорлик дўстона, очиқ ва кўп томонлама хусусиятга эга. Нуфузли тузилмалар, хусусан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан муносабат жадал ривожланмоқда. Мустақил бетараф Ватаннинг жаҳондаги нуфузини ошириш, фуқаролар бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишларни фаол давом эттирамиз. Ватанпарварлик, тинчлик, дўстлик каби мустаҳкам тамойиллар, демократик ҳуқуқий ва дунёвий давлат барпо этиш борасидаги миллий тажрибага таянган ҳолда, бор куч-ғайратимизни жаҳон миқёсидаги мавқеимизни юксалтиришга йўналтирамиз.
Санъат усталари ижросида мустақиллик байрамига бағишланган катта концерт дастури намойиш этилди.
М.Пирматова,
ЎзА