Туркиялик мутахассислар Бухорога келди
Туркия Республикасининг меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Ведат Ишикхан бошчилигидаги делегация аъзолари Бухорода бўлди. Меҳмонлар Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида ўтказилган учрашувда қатор муҳим келишувларга эришди.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг январь ойида Бухоро вилоятидан бир қатор шифокор-мутахассислар Туркияга хизмат сафари билан ташриф буюрди. У ерда етакчи тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан фойдали мулоқотлар олиб борилди. Ушбу ҳамкорлик асосида яқин кунларда яна 10 нафар юқори малакали шифокор Туркияда малака ошириш дастурларида иштирок этади. Йил якунига қадар эса ушбу имконият 100 нафардан зиёд тиббиёт ходимига насиб этади.
[gallery-23278]
Мазкур ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида 2024 йил декабрда Соғлиқ билимлари университети ҳамда Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланган эди. Ҳужжатда тиббиёт кадрларни тайёрлаш, малака ошириш, илмий-тадқиқот фаолият ва клиник амалиётда тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини ҳам зиёрат қилди. Юртимизда яшаган авлиё ва алломалар Ислом оламида алоҳида эъзозланади. Буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай сиймолардан биридир. Меҳмонларга унинг ҳаёти, ислом дини ривожига қўшган улкан ҳиссаси, “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган ғоянинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди. Мажмуада сўнгги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда зиёратчилар учун яратилган шароитлар таништирилди.
Меҳмонлар “Бухара Варнет” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида ҳам бўлди. Таъкидлаш лозимки, илгари бу ерда фақат иссиқхона бўлган бўлса, эндиликда унинг ёнида ўқув маркази, лаборатория ҳамда иссиқхоналар учун конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилган. Қолаверса, бу ерда ҳозирда сайёҳлар учун ҳам хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган бўлиб, замонавий ботаника боғи ҳозирда меҳмонлар билан гавжум.
Делегация аъзолари Бухоронинг тарихий обидалари ва қадамжоларини ҳам зиёрат қилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.