Туркиялик меҳмонларга эҳтиром кўрсатилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифи билан юртимизга ташриф буюрган, Бобур шаҳридаги Наврўз байрами тантаналарида иштирок этган туркиялик меҳмонлар учун байрам тадбири ўтказилди.
Андижон туманидаги “Яккасарой” тантаналар саройида бўлиб ўтган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Туркиянинг Хатай вилояти ҳокими ўринбосари Бушра Эроғлу Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Режаб Тойиб Эрдоған ўртасидаги самимий муносабатлар, яқин ҳамкорлик самараси ўлароқ икки давлат ўртасида дўстлик, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлади.
Хатай вилояти ҳокими ўринбосари Бушра Эроғлу Хатай вилояти ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирди.
Туркиялик меҳмонларга кўрсатилган иззат-эҳтиром учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам ўзбек ва турк халқлари дўстлиги мустаҳкамланиши, ҳамкорлик алоқалари янада кенгайишини, бу ўз навбатида икки давлат ривожига хизмат қилишини айтиб ўтди.
[gallery-28285]
Томонлар бир-бирларига совға-саломлар улашди. Делегациянинг ҳар бир аъзосига эсдалик совғалари топширилди.
Намойиш этилган концерт дастури туркиялик меҳмонларга байрамона кайфият улашди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзA мухбирлари.