Туркияда Муҳаммад Юсуф сайланмаси чоп этилди
Туркиядаги шеърият ихлосмандлари ўзбекнинг суюкли шоири Муҳаммад Юсуфни алоҳида ҳурмат қилади. Шеърларини севиб ўқийди.
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Наргиза Асадованинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, Туркияда шоирнинг яна бир китоби чоп этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти ва шоирнинг яқин қариндошлари иштирокида Туркиянинг Анқара шаҳрида “Muhammed Yusuf secmeler” номли туркча таржима сайланма китоби тақдимоти ўтказилди.
Халқаро туркий маданият ташкилоти (TURKSOY) Бош котибияти томонидан чоп этилган ушбу китоб тақдимотида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, TURKSOY Бош котиби Душен Касеинов, шоирнинг рафиқаси шоира Назира Ас-Салом ва бошқалар шоирнинг ҳаёт йўли, ижоди ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Шоирнинг турк шеърият ихлосмандлари орасидаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтилди.
Сайланмага киритилган шеърлар доцент Режайи Кизилтунч, Хамза Ўзтуркчи, Эмина Бакар, Хусайн Окбаш ҳамда профессор Маъруфжон Йўлдошевлар томонидан маҳорат билан турк тилига ўгирилган.
Д. Маматова, ЎзА