Туркияда 2 000 йиллик ҳайкал тикланди
Туркиянинг Бурдур вилояти Гўлҳисор тумани яқинида жойлашган Кибира қадимий шаҳри Анадолудаги Рим даври мероси муҳим ёдгорлиги ҳисобланади. Тарихи Илк темир даврига бориб тақаладиган шаҳар милоддан аввалги IV-III асрларда ҳозирги жойига кўчган. Кейинчалик, Рим ҳукмронлиги даврида минтақанинг муҳим сиёсий, маъмурий ва маданий марказига айланган.
Кибира милоддан аввалги I асрда Бубон, Болбура ва Ойноанда билан бирга тўрт шаҳардан иборат иттифоқ – тетраполис таркибида эди. Милоддан аввалги 84-83 йилларда Рим генерали Мурена томонидан бу иттифоқ тугатилиб, Кибира Римнинг Осиё вилояти таркибига киритилган. Милодий 23 йилдаги кучли зилзиладан кейин император Тиберийнинг молиявий ёрдами билан шаҳар қайта тикланган.
Ўша даврда юксалган Кибирада бугунга қадар стадион, театр, агора, базилика, ҳаммом ва Одеон каби йирик меъморий иншоотлар қолдиғи сақланиб қолган. Шаҳар 2016 йил ЮНЕСКО Жаҳон мероси вақтинча рўйхатига киритилган.
Ана шу тарихий шаҳарда олиб борилаётган археологик қазишмалар бугун ҳам янги топилмалар билан Кибиранинг асл аҳамиятини очиб бермоқда. Туркия Маданият ва туризм вазирлиги “Келажакка мерос” лойиҳаси доирасида “Burdur Mehmet Akif Ersoy Üniversitesi” иштирокида олиб борилаётган қазишма чоғи Рим императори Хадрианга тегишли мармар ҳайкал қисмлари қайта бирлаштирилди. Натижада баландлиги 2 метр 14 сантиметр маҳобатли ҳайкал қайта қад рослади.
Тахминан милодий 130-йилларга мансуб дея баҳоланаётган ҳайкалда император ҳарбий қўмондон қиёфасида тасвирланган. Афён-Дўгер ва Исжеҳисор ҳудудларидан келтирилган мармардан ишланган асар зирҳида шер ва бургут тимсоли акс этган. Жараёнда турли даврларда топилган қисмларни бирлаштириш муҳим аҳамият касб этди. Қазишма давомида аниқланган Хадриан боши портрети аввалроқ топилган зирҳли тана қисми билан солиштирилганда икки бўлак бир ҳайкалга тегишлилиги аниқланди.
Изланиш чоғи жами 20 парча, масалан Хадрианнинг рафиқаси, Қиролича Сабинага тегишли бўлаклар, шунингдек баландлиги 1 метр 86 сантиметр яна бир зирҳли ҳайкал, икки қисмдан иборат аёл тимсоли ва тахминан 30 сантиметрлик соқолли эркак боши ҳам топилган.
Тадқиқотчилар ушбу ҳайкаллар Кибирадаги Ёдгорлик-шаҳарга кириш дарвозаси юқори қисмида жойлашган, деб фараз қиляпти. Асарлар 417 йил содир бўлган кучли зилзила пайти баландликдан қулаб, парчалангани эҳтимоли илгари сурилган.
Ҳайкаллар Хадрианнинг Анадолу сафари билан боғлиқ ҳолда яратилгани ҳам тахмин қилинмоқда. Фақат ёдгорликлар айнан императорнинг Кибирага ташрифи муносабати билан ўрнатилганини тасдиқловчи аниқ далил ҳозирча мавжуд эмас.
Кибирадаги археологик ишлар ҳайкаллар билан чекланмайди. Монументал шаҳарга кириш дарвозаси атрофида 2500 га яқин меъморий мажмуа таснифдан ўтказилган. Бу ишлар қадимий иншоотларни илмий асосда тиклаш учун муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланади.
Реставрация ва қазиш ишлари якунлангач, тикланган археологик асарларни Бурдур музейида намойиш этиш режалаштирилган.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия