Туркия сўз айтганди, энди қайтдими?
Жумадан жумагача
Вильнюс саммитига кетар чоғида Туркия етакчиси шарт қўйди: “Швециянинг НАТОга киришини хоҳлайсизми, марҳамат қилиб, бизни ЕИга қабул қилинг!”.
Альянс йиғилиши олдидан Туркия, Швеция раҳбарлари НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашиб олишди. Мулоқот якуни бўйича Шимолий Атлантика иттифоқи раҳбари “Туркия Президенти Швециянинг НАТОга кириши ҳужжатларини парламентга юборишга розилик муждасини эълон қилишидан мамнунман”, деб баёнот берди.
Ўтган йил июлдаги Мадрид саммитидан бери Анқара Стокгольмдан аввалига 73 нафар, кейин 130 террорчини қайтариб беришни сўраб келади...
Маҳаллий ҳукумат нашрлари НАТО йиғилиши натижасини “дипломатик ғалаба” сифатида баҳолади. “Туркия истаганини олади, Швеция Альянсга киради” сингари мақтов гаплар урчиди.
Мухолифат ОАВ эса давлат раҳбари сўзидан қайтганини иддао қилди...
Ҳатто, ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси иттифоқчиси Миллатчи ҳаракат партияси етакчиси Девлет Бахчели ҳам мазкур воқеадан мамнун эмаслигини очиқ билдирди. У “Стокгольм Қандил (Ироқдаги тоғли район, шу ерда курд террорчилари яшириниб юришади)нинг акси”, деди.
“НАТО очиқ эшиклар сиёсати бизнинг ички ва ташқи хавфсизлигимиздан муҳим бўлмаслиги керак. Бу ишга кўз юмиб турилмайди. Американинг “F-16”лари учун шунга розилик бериш тўғримикан?”
Бош мухолифатчи Камол Қиличдорўғли “Швеция ваъдасини бажармади, бунинг устида муқаддас китобимизни ёқишга рухсат берди. Бизинг ҳукумат бунга муносиб муносабат билдирмади. Океан ортининг бир оғиз гапи билан қарашларимиз 180 даражага ўзгариб кетди”...
Дарҳақиқат, Эрдоған ва Байден бир кун олдин уйларидан туриб, телефон орқали суҳбатлашди, эртасига Вильнюсда бир соатдан ортиқ юзма-юз гаплашди.
У бир йил аввалги гапини яна такрорлади: Талаб қилинаётган “F-16”ларни олиш учун миллат вакилларини кўндиришга ҳаракат қиламан.
Анқара неча йиллардан бери 40 та янги учоқ ва авиапаркидаги саксонта машинани таъмирлаш учун жиҳоз ололмай сарсон.
Энди эса янги шарт – Швеция НАТОга кириши керак!
Туркия расмий доиралари бундай шарт қўйилмаганини иддао қилади, қирувчи учоқларни Швеция иши билан аралаштирмасликни сўрайди.
Маҳаллий экспертлар Вильнюс саммити Туркиянинг Ғарб билан муносабатида бурилиш ясади, дейишди. Литва учрашувларидан кейин бу жараёнда янги баланс ўртага чиқиши керак, деб ҳисоблашади.
Туркия Швеция ва НАТОдан муҳим имтиёзларни “ундириб” олди. Хусусан, Туркия ва ЕИ ўртасидаги алоқа илиқлашди, Божхона иттифоқи, визасиз режим масаласида силжиш кутиляпти.
Стокгольм ҳам ўз навбатида террор гуруҳларини “қўлга олиш”га сўз берди.
Байден Туркияга F-16 учоқлари бериш устида жиддий иш олиб боришини билдиргани ҳам муҳим, дейди ҳукумат сиёсатчилари.
Таҳлилчилар бугун берилган қуруқ ваъдалар, амалга ошадими, йўқми, номаълум, дея “дипломатик ғалаба” ҳақида гапиришга ҳали эрталигини билдиришди.
Биргина Швеция Туркиянинг ЕИга киришини қўллаши етарли эмас. Экспертлар фикрича, НАТО иттифоқчилари орасида савдо тўсиқлари мавжуд эмаслиги тўғрсидаги гаплар ҳам сафсатадан бошқа нарса эмас.
АҚШ “F-35” самолётининг бешинчи авлоди дастуридан Туркияни чиқариб юборгани аниқ, дейишади улар. Сабаб – Анқара Россиядан “С-400” сотиб олган. Ўзи эса “F-16” беришни пайсалга солади...
Туркия жамоатчилиги, журналистлар ва мухолифатдаги сиёсатчилар норозиликни Анқара Швецияда Қуръони Карим ёқилганига қатъий жавоб бермагани билан изоҳлашади.
Жамоатчилик Анқара АҚШдан Суриянинг шимолий-шарқидаги курд жангариларига кўмак бермасликни талаб қилиши керак, дейди. Бу масала ҳам Туркиянинг миллий хавфсизлигига бевосита таъсир, суверенитетига таҳдид.
Туркия жамоатчилиги Ғарбнинг шунча ваъдаси, дипломатик маневрларининг амалдаги натижасини кўргунча сабр тилайди.
Мамлакат парламенти икки ярим ойдан кейин иш бошлайди, бу вақтгача яна қанча сувлар оқиб ўтади...
Фикрлар, қарашлар, муносабатлар ўзгариши ҳали ҳеч гап эмас...
“Дон шартномаси” тўхтади. Муқобил йўл борми?
Москва бир йил аввал БМТ, Украина, Туркия ва Россия иштирокида Истанбулда тузилган “дон шартномаси”ни узайтиришдан бош тортди. Ҳужжат ҳозиргача уч марта узайтирилган. Охирги муддат 17 июлда тугади. Президент Зеленский шу куниёқ Туркия ва БМТга мурожаат қилиб, Россиясиз “дон йўлаги” яратиб, ишлашни давом эттиришни сўради.
Кремль иддао қилишича, “Америка ва Европа Украина донини Қора денгиз орқали ташиб, кейин устама ҳақ билан сотиб, яхши бизнесни йўлга қўйиб олди. Жаҳон бозорида рус дони “эътиборсиз” қолди. Денгиз орқали юк ташиш нархи ошиши туфайли “тўғридан-тўғри йўқотиш ва зарар” юзага келди.
Москва Қора денгиз орқали ўтадиган кемалар ҳаракатини мураккаблаштириб юборган, кемаларни асоссиз тўхтатиб, ортиқча текширувлар ўтказиб турган. Шу боис Украина ҳукумати кемачилик компаниялари хавфсизлигини таъминлаш учун суғурталаш жамғармасини тузишга киришди.
Украина Дон ассоциацияси ҳарбий таҳдидга учраган кемалар раҳбарларига етказилган зарарни қоплашга ваъда берди. Бундай кафолат учун Еврокомиссия жалб қилинишини билдирди.
– Россия қўшимча суғурта воситаси, таваккал харажат сингари ғаламис хатти-ҳаракатлар туфайли ҳар бир тонна дондан 30 доллардан йўқотди, – деди ассоциация раиси Сергей Ивашенко. – Фермерларимиз жами миллиард доллардан ажралди.
Шу боис, Россиянинг Қора денгиздаги ҳаракатига боғланиб қолмаслик мақсадида дон экспорти учун муқобил йўл ахтариляпти.
Украина ғарбий чегарада экспорт имкониятини ошириш, темир йўл ривожи учун сармоя киритиш, юк ташиш учун дарё ўзанини чуқурлаштириш, юк ташиш терминалини кўпайтиришни фаоллаштиришга киришган.
Украина Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазирлиги маълумотига кўра, ўтган бир йил давомида денгиз бўйлаб 32 миллион тонна дон ва писта ёғи экспорт қилган. Бундан ташқари, 33 миллион тонна дон, ўсимлик ёғи ва қайта ишланган маҳсулот муқобил йўллар билан хорижга сотилган.
Украина донини Дунай дарёси орқали олиб чиқиш ҳам самара берди. Шу йўл билан қарийб 20 миллион тонна дон ва ёғ олиб ўтилди. 10 миллион тонна дон маҳсулоти темир йўл, уч тонна юк автотранспорт орқали экспорт қилинган.
Дарё бандаргоҳларини кўпайтириш устида ҳам иш олиб бориляпти. Умуман, муқобил йўл билан экспорт кўрсаткичини 40-42 миллион тоннага чиқариш имкони яратилади, дейди мутахассислар. Шунингдек, Европа чегараларида Украина дони ҳужжатларини, ветеринар назоратни соддалаштириш юзасидан музокара бошлаб юборилган.
Бу йил Украинада 50 миллион тоннадан зиёд дон етишириш мўлжалланмоқда. Омборларда эса ўтган йил ҳосилидан тўққиз миллион тонна бор.
Экспертлар айтишича, Дунай портларига катта кемалар тўлиқ юк билан киролмайди, сабаби дарё Қора денгиз каби чуқур эмас. Шунга қарамай, мазкур йўлдан фойдаланиш кенгайтирилади.
Украина темир йўллари орқали Европага чиқиш варианти ҳам бор. Фақат бу жараёнда ЕИ мамлакатлари билан Украина ўртасидаги темир йўл рейслари орасида муаммо юзага чиқади. Украинадаги темир йўл изи оралиғи – 1520 мм, ЕИда эса 1435 мм, айрим мамлакатларда янаям фарқли.
Бундан ташқари, Европанинг ҳар бир мамлакати ўз қонунига эга. Украинада тўлиқ поезд таркиби, деганда ўртача 45-50 юк вагони тушунилади, Европада эса оғир-енгиллигига қараб, ўртача 25 вагондан ошмаслиги керак.
Таҳлилчилар дон экспорти учун муқобил йўл муқаррарлиги, бунда Ғарб йўналиши муҳимлигини таъкидлашади. Хуллас, дон ташишда денгиз йўлаги бундан кейин ҳам катта сиёсатга боғлиқ бўлиб қолаверади...
Шўрлик афғон аёллари...
Толиблар Афғонистонда ҳукуматга келиши биланоқ аёлларнинг кўплаб ҳақ-ҳуқуқларини чеклай бошлади. Энди кўпчилик хотин-қизлар ўзини жамоат ишидан маҳрум, уй қамоғидаги маҳкума сифатида билишади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ўринбосари Нада Ал-Нашиф фикрича, мамлакатда “сўнгги йигирма икки ой давомида аёллар ва қизлар ҳаётнинг барча жабҳаларида камситишга дуч келмоқда.
Ташкилот Инсон ҳуқуқлари кенгаши яқинда эълон қилган ҳисоботда “аёллар ва қизларга нисбатан қаттиқ, тизимли ва институциялашган камситилиш толибларнинг асосий мафкураси ва бошқарув усули ьилан боғлиқ” дейилади.
2021 йил августдан эътиборан, аёллар олий маълумот олишдан маҳрум. Аввалига университетларда эркаклар ва аёллар алоҳида ўқитилиши кўзда тутилди. Қайсидир давргача аёлларни фақат аёллар ёки ёши катта эркаклар ўқитишга рухсат берилди. 2022 йил охирига келиб, Афғонистон таълим вазирлиги аёлларни университетдан ҳайдаб чиқарди.
Қанча хотин-қиз ўқишдан четлатилгани тўғрисида аниқ маълумот йўқ. ЮНЕСКО 2018 йил 90 минг аёл ўқишга кирганини эълон қилган эди...
Толиблар бундай тақиқни аёл талабаларнинг ҳижоб кийиб юришидаги нуқсонлар ва таълим масканида эркак-аёл аралаш ўқитилиши кузатилгани билан оқлаган.
Айрим ОАВ аёллар онлайн таълим олишга уринаётганини ёзади. Шу билан бирга, мамлакатда интернет яхши ишламаслиги ҳам таъкидланади.
Афғон аёлларига, шунингдек, меҳнат фаолияти билан шуғулланишга изн йўқ. Халқаро меҳнат ташкилоти айтишича, ўтган йил 2021 йилга нисбатан меҳнат бозоридаги аёллар улуши 25 фоиз қисқарган.
Толиблар БМТ ва нодавлат ташкилотларда аёллар ишлашига рухсат бермайди. Бунинг оқибатида “Болаларни қутқаринг!”, Норвегиянинг “Қочоқлар”, “CARE” сингари қатор халқаро ноҳукумат ташкилотлар ёпилди. Кўплаб лойиҳалар аёллар иштироки бўлмагани учун фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Минглаб аёл хизматчилар ишдан бўшатилди.
Ҳукумат қарори билан Афғонистонда “шариатга зид”, дея минглаб “Гўзаллик салонлари” ёпилди. Бу масканлар кўплаб аёллар пул топадиган, дугоналари билан учрашиб турадиган хавфсиз жой эди.
Афғонистон дунё мамлакатлари ичида аёллар, оналар ва болалар учун энг хавфли ҳисобланади. Бу ерда ҳар йили ўртача минг нафаргача аёл ҳомиладорлигида ёки туғиш пайтида вафот этади.
Кўпчилик озиқ-овқат етишмаслиги сабабли ҳомиладорлик даврини оғир кечиради. Фарзандни дунёга келтириб, оёққа қўйгунча, яна анча машаққат.
“Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти толиблар тақиқи аёлларнинг тиббий хизмат олиш даражасини анча пасайтириб юборди, дейди. Бунга аёлларнинг кўча-кўйда ҳаракатланишига қўйилган чеклов сабаб бўлмоқда.
Касалхоналар турар-жойлардан анча узоқ жойлашган, бунинг устига аёллар кўчага “маҳрам”и билан, яъни отаси, эри ёки ака-укаси хамроҳлигида чиқиши шарт.
Толиблар қонунига кўра, хаста аёллар фақат аёл мутахассис хизматидан фойдаланиши мумкин. Шифохоналарда аёллар ишлашига кескин қаршилик йўқ, қишлоқ туманларида эса бундай имкониятнинг ўзи йўқ.
Аёлларнинг спорт жамоқлари мусобақаларда иштирок этишга йўл қўмайди. Мамлакат миллий жамоалари аъзолари Австралияда қочоқ мақомида юришга мажбур бўлмоқда.
Толиблар қарори билан аёллар Афғонистонда истироҳат боғи, жамоат бассейни, спорт зали ёки клубига бориши мумкин эмас. Бошқача айтганда, аёллар спорт билан шуғулланишига изн йўқ.
Эҳ, пешонаси шўр афғон аёллари!..
Бугунча шу.
Хабарлашгунча!
Аброр Ғуломов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси