Туркия инқироз шароитида самолётлар учун ёнилғи қуйиш марказига айланди
Яқин Шарқдаги можаро туфайли бир қатор мамлакатларда авиация ёнилғисига чеклов қўйилган бир пайтда самолётлар ёнилғи қуйиш учун тобора кўпроқ Туркиядан фойдаланмоқда, дея хабар тарқатди “Ekonomim” газетаси.
– Баъзи аэропортлардаги чеклов туфайли самолётлар ёнилғи олиш учун Истанбулга қўнишга мажбур бўлмоқда, – деб ёзган газета.
Европа ва Осиёда авиация ёнилғиси таъминотига нисбатан жорий этилган чеклов авиакомпанияларни муқобил ёнилғи қуйиш манзилларини излаб, йўналишларни ўзгартиришга мажбур қилмоқда. Айни шароитда Истанбул асосий марказга айланди.
Соҳага алоқадор манбалар баъзи рейслар, ҳатто, охирги манзил бўлмаса ҳам, фақат ёнилғи қуйиш учун Истанбулга қўнаётганини тасдиқлаган. Мутахассислар таъкидлашича, вазият авиаташувчилар харажатини ошириб, юк ташиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА