Туркиянинг “TÜSAŞ” концерни Индонезия билан 48 та “KAAN” қирувчи самолётини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганини эълон қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” нашри ёзмоқда.
Хабарда таъкидланишича, ушбу келишув Туркия тарихидаги ҳарбий-саноат комплекси маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича энг йирик битим ҳисобланади.
Мамлакатлар ўртасида имзоланган тегишли келишув июнь ойида Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўған томонидан эълон қилинган эди.

Индонезияга “KAAN” қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича расмий шартнома “IDEF” мудофаа кўргазмаси доирасида имзолангани айтилмоқда.
– Биз мудофаа маҳсулотлари экспорти бўйича энг йирик келишувдан мамнунмиз, — дейилади концерннинг ижтимоий тармоқ орқали тарқатган хабарида.
Маълумот ўрнида, бешинчи авлод “KAAN” қирувчи самолёти илк парвозини 2024 йилнинг февралида амалга оширган эди. Бу Анқаранинг жанговар самолётлар ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторига қўшилишга қаттиқ интилаётганини кўрсатмоқда.
Бешинчи авлод жанговар самолётларини ишлаб чиқаришга қодир давлатлар рўйхатига ҳозирда Россия (Су-57 ва Checkmate), АҚШ (F-22 ва F-35) ва Хитой (J-20) киради.
С.Раҳимов, ЎзА