“Туркия, биз сен билан биргамиз!”
Муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқини тинглаб, кўнглимдан шундай фикрлар ўтди...
Ўзбек халқи ҳеч қачон бошига кулфат тушган қардошини, дўстини, қўшнисини ёлғизлатиб қўймаган. Дардини ўз дарди, қайғусини ўз қайғуси, деб билган. Шунинг учун ҳам ўзбекларга нисбатан бағрикенг, меҳмондўст, қалби дарё, меҳр-оқибатли, дея таъриф берилади.
Туркияда яқинда юз берган даҳшатли зилзила бутун Ўзбекистонни, ўзбек халқини чуқур қайғуга солди. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган мамлакатлар бирдамлиги яққол кўзга ташланди.
Саммитдаги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев ҳар йили 6 февраль санасини Туркий давлатлар ташкилоти доирасида «Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни», деб эълон қилишни таклиф этди. Мазкур таклиф замирида ҳам инсонпарварликнинг энг олий намунаси мужассам. Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу фикри ташкилотга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Нафақат хотира, балки бирдамлик туйғусининг бугунги дунёга нақадар зарурлигини, кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқидаТуркиядаги зилзила марказларидан бири бўлган, қутқарувчиларимиз иш олиб борган Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги бунёдкорлик ишларига Ўзбекистон муносиб ҳисса қўшишини маълум қилди. Ўзбекистон барпо этадиган иншоотлар келгусида халқларимиз яқин дўстлик ва бирдамлигининг тимсолига айланишини таъкидлади.
Бу эса Ўзбекистон ўз дўстлари, ҳамкорлари, ҳамфикрларини қўллаб-қувватлаш имкониятига, қудратига эга эканлигидан далолатдир.
Президентимиз талафот кўрган ҳудудлардаги ёши улуғ инсонларни дам олиш, даволаниш ва зиёрат қилиш учун Ўзбекистонга таклиф этди. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилиши айтилди.
Ушбу ёз мавсумида Ҳатай ёшларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилади. Улар учун Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига саёҳатлар уюштирилади. Биз ҳам туркиялик ёшларни Самарқанд давлат университетида кутиб қоламиз. Қардошларимизга кўрсатиладиган ушбу эътибор зилзила туфайли яқинларини йўқотганларга, бошпанасидан айрилганларга руҳий қувват бўлишига, зилзила даҳшатларини тезроқ унутишларига кўмак беришига ишонаман.
Назаримда давлатимиз раҳбари мазкур нутқи билан бутун Ўзбекистон халқининг қардошларимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини ифода этди. Саммит Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрни ва сўзи борлигини яна бир марта кўрсатди...
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси