Туркий мусиқа ва рақс анъаналарини сақлаб қолишга эътибор янада ортмоқда
Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда International Council for Traditional Music and Dance (ICTMD)нинг Туркий дунё мусиқа ва рақс анъаналари бўйича тадқиқот гуруҳи ҳамкорлигида “Мусиқа таълими: жаҳон миқёсида ягона майдон сари” халқаро форуми доирасида “Туркий мусиқа ва рақс анъаналарини сақлаб қолиш, ўрганиш, тарғиб қилиш ва ривожлантиришда олий таълим муассасаларининг роли” мавзусида халқаро симпозиум ташкил этилди.
Ушбу тадбирда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Венгрия, Канада, Италия, Россия, Юнонистон ва бошқа мамлакатлардан етакчи олимлар, этномусиқашунослар, ижрочилар, педагоглар, рақс тадқиқотчилари, шунингдек, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Анжуман этномусиқашунослик, мусиқа таълими ҳамда туркий дунё анъанавий маданиятини тадқиқ этиш соҳасидаги энг йирик халқаро тадбирлардан бири ҳисобланади.
Симпозиум глобаллашув ва маданий маконнинг рақамли трансформацияси шароитида туркий халқларнинг мусиқа ва рақс анъаналарини сақлаш, ўрганиш, авлодларга етказиш ҳамда ривожлантиришда олий таълим муассасаларининг ўрни ва аҳамиятига бағишланган. Унинг доирасида “Туркий мусиқа ва рақс анъаналарини сақлаб қолиш, ўрганиш, тарғиб қилиш ва ривожлантиришда олий таълим муассасаларининг роли” мавзусида халқаро конференция, тадқиқотлар, китоблар, архив материаллари, фильмлар ва мультимедиа лойиҳалари тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур симпозиум туркий мусиқа ва рақс анъаналарини сақлаб қолиш, ўрганиш, тарғиб қилиш ва ривожлантиришга доир илмий тадқиқот фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада тажриба алмашиш, илмий изланишлар якунлари бўйича фикр ва маълумот алмашиш, туркий давлатлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, International Council for Traditional Music and Dance ташкилоти ЮНЕСКО билан расмий маслаҳатлашув мақомига эга бўлган нуфузли маърифий тузилмалардан биридир. Ушбу ташкилот жаҳоннинг турли ҳудудларида йўқолиб бораётган қадимий куйлар, қўшиқлар ва миллий рақсларни ёзиб олиш, ҳужжатлаштириш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш устида иш олиб боради. Шунингдек, этномусиқашунослар, рақс тадқиқотчилари ва санъаткорларни бирлаштиради, ҳар икки йилда халқаро илмий конференциялар ташкил этади. Ташкилот мусиқа орқали дунёда тинчлик, дўстлик ва эзгулик ғояларини тарғиб этади.
Халқаро симпозиумда туркий мусиқа ва рақс анъаналарини сақлаб қолиш, ўрганиш, тарғиб қилиш ва ривожлантиришда олий таълим муассасаларининг роли, шунингдек, бу борада халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари батафсил муҳокама қилинмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири