Туркий дунё анъанавий халқ рақслари антологиясини яратиш бўйича халқаро лойиҳа муҳокама қилинди
Хива шаҳрида ТУРКСОЙ халқаро ташкилотига аъзо давлатлар давлат хореография олий таълим муассасалари ректорлари ва раҳбарларининг III йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилиш III халқаро “Лазги” рақс фестивали доирасида ташкил этилди.
Тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистон давлатларининг давлат хореография олий ўқув юртлари раҳбарлари, хореография соҳаси мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Йиғилиш давомида анъанавий халқ рақслари соҳасида таълим муассасалари фаолиятини муҳокама қилиш, муассасалараро ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, қўшма таълим ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, иштирокчи давлатлар манфаатларини инобатга олган ҳолда “Туркий дунёнинг анъанавий халқ рақслари антологияси” халқаро лойиҳасининг ягона концепциясини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
– Хоразм лазгиси ўзининг жўшқинлиги, тезкорлиги ва жонли мусиқаси билан ажралиб туради, – деди ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев. – Бу рақс жаҳон саҳналарида ҳам эътироф этилган. ЮНЕСКО томонидан 2019 йилда “Лазги” инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. У шунчаки рақс эмас, балки миллий ғурурнинг жонли ифодаси, дўстлик ва биродарликни тарғиб этувчи муҳим маданий воситадир. Бугунги кунда туркий дунё халқлари орасида ушбу рақсга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Шу боис, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти мазкур фестивалга ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.
[gallery-29051]
Йиғилиш доирасида соҳа мутахассислари ва олий таълим муассасалари раҳбарлари томонидан Антологиянинг “Озарбайжон анъанавий халқ рақслари”, “Қозоғистон анъанавий халқ рақслари”, “Қирғизистон анъанавий халқ рақслари”, “Ўзбекистон анъанавий халқ рақслари”, “Туркия анъанавий халқ рақслари” ва “Туркманистон анъанавий халқ рақслари” бўлимлари концепциялари тақдим этилди.
Тақдимотларда анъанавий рақсларнинг шаклланиш тарихи, эстетик ва этнографик хусусиятлари, ижро услублари, рақс таълими тизими, мусиқа маданияти ҳамда миллий рақс меросини асраш ва тарғиб этишга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман якунида иштирокчи давлатлар давлат хореография олий таълим муассасалари ректорлари ва раҳбарларининг III йиғилиши қарорлари қабул қилиниб, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда “Туркий дунёнинг анъанавий халқ рақслари антологияси” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган якуний резолюция тасдиқланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари