Туркий бирдамлик – умумий тараққиёт ва халқ фаровонлиги йўлида
Туркий давлатлар ташкилотининг Анқара саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқларимиз фаровонлигини оширишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги мураккаб геосиёсий вазият, халқаро иқтисодий муносабатлардаги ўзгаришлар ва глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланиши давлатлардан ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорликни кучайтиришни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Туркий давлатлар ташкилотини умумий манфаатлар ва аниқ иқтисодий натижаларга хизмат қиладиган самарали ҳамкорлик майдонига айлантиришга қаратилган ёндашув долзарбдир.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Туркий дунё – 100” дастури доирасида юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси алоҳида эътиборга лойиқ. Стратегик минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, “яшил” энергетика ускуналари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш вa юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар тайёрлаш иқтисодий ҳамкорликнинг янги имкониятларини очади.
Бундай лойиҳаларнинг энг муҳим самараси янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришда намоён бўлади. Айниқса, кичик бизнес вакилларини қўшма лойиҳаларга жалб этиш, уларнинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш муҳимдир. Зеро, иқтисодий тараққиётнинг асосий мезони унинг инсонлар ҳаётига олиб кирадиган ижобий ўзгаришларидир.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кўп томонлама ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш таклифи ҳам амалий аҳамиятга эга. Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд қарорларини тан олиш ва ижро этиш, ҳужжатларни электрон алмашиш имкониятларини кенгайтириш бизнес учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.
Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, Ўрта коридор ва унга тутaш транспорт йўлакларини ягона иқтисодий тизимга айлантириш ҳам стратегик аҳамиятга эга. “Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи”ни ташкил этиш ташаббуси мамлакатларимизнинг транзит ва савдо салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Бу жараён Тошкент шаҳри учун ҳам муҳим истиқболларни очади. Пойтахтимиз йирик иқтисодий, савдо ва хизмат кўрсатиш маркази сифатида халқаро алоқаларнинг кенгайишидан манфаатдор. Логистика тизимининг такомиллашуви тадбиркорлар учун янги бозорларни очиш, савдо ҳажмини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, “Туркий туризм альянси”ни ташкил этиш ташаббуси иқтисодий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Нутқда қайд этилганидек, 2025 йилда Ташкилотга аъзо давлатларга 100 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич минтақанинг улкан туризм салоҳиятини намоён этади.
Тошкентнинг тарихий обидалари, маданий масканлари ва замонавий инфратузилмаси халқаро сайёҳларни жалб этиш учун катта имкониятларга эга. Туркий мамлакатлар билан туризм алоқаларининг кенгайиши меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги иш ўринлари яратиш, кичик тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Фуқароларнинг ўзаро сафарларини енгиллаштириш, ID-карталар асосида саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириш бўйича таклифлар ҳам эътиборга молик. Бундай ёндашув туризм билан бирга таълим, савдо, бизнес ва маданий алмашинув алоқаларини ривожлантириш учун қулай шароит яратади.
Саммитда таълим ва ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам муҳим. Давлатимиз раҳбари Туркий давлатлар вакиллари учун ҳар йили 200 та таълим грантини ажратишга тайёр эканини билдирди. Бу ташаббус ёшларнинг замонавий билим олиши, халқаро тажриба орттириши ва касбий салоҳиятини ошириши учун янги имкониятлар яратади.
Бугунги кунда инсон капитали иқтисодий тараққиётнинг асосий омилларидан биридир. Ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касбларни эгаллаши ва муносиб иш топиши ижтимоий барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш келажакка йўналтирилган муҳим сармоядир.
2027 йилни Туркий давлатлар ташкилоти доирасида “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш ташаббуси ҳам долзарбдир. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик мувозанатни сақлаш, айниқса, йирик шаҳарлар учун муҳим вазифадир. Тошкентда ҳам яшил ҳудудларни асраш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш устувор аҳамият касб этади.
“Умумтуркий сўзлар луғати”ни яратиш ташаббуси эса халқларимизнинг умумий тарихий ва маънавий меросини асраб-авайлашга хизмат қилади. Туркий тиллардаги муштарак сўзларни жамлаш, уларни илмий ўрганиш ва ёш авлодга етказиш маданий яқинликни янада мустаҳкамлайди.
Умуман, Анқара саммитида илгари сурилган ташаббуслар иқтисодий ҳамкорлик, инвестиция, тадбиркорлик, таълим, туризм ва экология каби муҳим йўналишларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Уларнинг амалий ижроси мамлакатларимиз тараққиётига қўшимча туртки бериши билан бирга, фуқаролар учун янги имкониятлар яратади.
“Адолат” социал-демократия партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ушбу жараёнларда, аввало, ташаббусларнинг ижтимоий самарадорлигига эътибор қаратади. Ёшлар бандлигини таъминлаш, таълим имкониятларини кенгайтириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш масалалари бу борадаги устувор йўналишлардир.
Ишонамизки, туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, умумий ташаббуслар халқларимиз фаровонлиги ва барқарор тараққиётига хизмат қилади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” социал-демократия партияси
Тошкент шаҳар Кенгаши раиси.
ЎзА