“Туркий адабиёт дурдоналари” она тилимизда
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб қатор тадбир, учрашув ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Дарҳақиқат, тил – инсон тафаккурининг шаффоф кўзгусидир. Уни нафақат асраб-авайлаш, балки тўхтовсиз такомиллаштириб бориш жамиятнинг вазифасидир.
Президентимизнинг 21 октябрь куни матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон халқига байрам табриги”да инсон учун она Ватан, ота-она қанчалик азиз бўлса, унинг маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик мўътабар эканлиги алоҳида таъкидланган. Унда тез кунларда она тилимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик муҳташам тўплам нашрдан чиқаётганига алоҳида урғу берилган.
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти, филология фанлари доктори Хайрулла ҲАМИДОВ мазкур “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик муҳташам тўпламнинг тайёрланиш жараёнлари ҳақида ЎзА мухбирига маълумот берди.
– Давлатимиз раҳбарининг 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида таъкидланганидек, халқимиз тафаккурининг тиниқ кўзгуси бўлган бу бебаҳо хазинани асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан биридир, – деди Ҳ.Ҳамидов. – Ушбу табрикда ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг сара намуналари хорижий тилларга таржима қилиниб, чет эллик китобхонларнинг ҳам эътиборини қозонаётгани, хусусан, истеъдодли олим ва ижодкорларимиз қаламига мансуб илмий ва бадиий асарлар нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлаётгани, қолаверса тез кунларда она тилимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик муҳташам тўплам нашрдан чиқаётганига алоҳида урғу берилган.
Шу ўринда, ана шу тўплам ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам. Қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Кошғарий ва улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоийдан бошлаб то бугунги кунда қалам тебратаётган ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман адабиёти намояндаларининг дурдона асарларини ўз ичига олган “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик тўпламнинг яралишида Тошкент давлат шарқшунослик университети профессор-ўқитувчиларининг ҳам салмоқли ҳиссалари бор.
Юртимизда тил ва адабиёт масаласида олиб борилаётган давлат сиёсати, хусусан, “Туркий адабиёт дурдоналари”ни халқимиз орасида кенг тарғиб этиш ишида университетимиз профессор-ўқитувчиларининг беғараз ҳиссалари бизни бениҳоя қувонтиради. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатларнинг тили, маданияти ва қадриятлари асраб-авайлаб ҳамда ривожлантириб келинаётган бир даврда ушбу йўналишда олиб бораётган ишларда университетимиз мутахассисларининг ҳам ҳиссалари борлигидан фахр ва ифтихор туямиз.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.