Туркистон Мухторияти тарихидан сўзловчи китоб
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ходими, профессор Қаҳрамон Ражабов муаллифлигида “Туркистон Мухторияти тарихи” номли китоб “Фан” нашриёти томонидан чоп этилди.
Тарих фанлари доктори, профессор Азамат Зиё масъул муҳаррирлик қилган ушбу монографияда Туркистон Мухторияти тарихи масалалари, минтақа тараққийпарварларининг мухториятчилик ҳаракати, 1917 йилда ташкил топган миллий сиёсий жамиятлар ва ташкилотлар (“Шўройи Исломия”, “Уламо” жамияти, “Турон” ва бошқа тузилмалар) ҳамда Туркистон Мухторияти ҳукумати (1917 йил 27 ноябрь – 1918 йил 22 февраль) фаолияти, мухторият вазирлари ҳамда Миллий Мажлис аъзоларининг ҳаёти ва тақдири ёритилган.
Муаллиф кўп йиллик илмий изланишлари натижасида тарихимизда ҳозиргача деярли ўрганилмаган мавзу – мухторият ҳукумати ва дастлабки парламенти аъзоларининг ҳаёти, фаолиятини синчковлик билан тадқиқ этган.
Асар архив ҳужжатлари, ўша давр матбуот материаллари, замондошларининг хотиралари, тарихий адабиётларнинг таҳлили асосида яратилган.
Китоб Туркистон Мухторияти ҳукумати фаолияти ҳамда Ўзбекистон тарихи билан қизиқувчи барча китобхонларга мўлжалланган.
Мазкур китоб тақризчилари – тарих фанлари доктори, профессор, атоқли ёшлар мураббийси Саидакбар Аъзамхўжаев ҳамда қозоғистонлик тарих фанлари доктори, профессор Ҳазретали Турсун.
Н.Усмонова, ЎзА