Туризмни ривожлантириш – долзарб вазифа
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан ҳамкорликда “Туризмни тарғиб этиш ва ривожлантириш ойлиги” доирасида давра суҳбати ташкил қилинди.
Партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида туризм соҳасини миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатидаги ўрнини кучайтириш, мамлакатнинг ижобий имиджини туризм ва инвестиция салоҳияти, тарихи ва маданиятини дунёга тарғиб қилиш орқали ошириш, юртимизни туризми ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш асосий вазифалар сифатида белгилаб олинган. Шундан келиб чиққан ҳолда апрель “Туризмни тарғиб этиш ва ривожлантириш ойлиги” этиб белгиланган.

Ушбу ойда партия томонидан республика бўйлаб туризмни тарғиб қилиш мақсадида қатор лойиҳалар ва тадбирлар ўтказилмоқда. Туризм дунё иқтисодининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Унинг кенг қамровли тараққиёти эса, кўплаб мамлакатлар учун катта даромад манбаига айланмоқда. Мамлакатимизда ҳам туризмни ривожлантиришга катта аҳамият берилиб, давлатимиз раҳбарининг соҳани ривожлантиришга оид бир нечта фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Уларда ташқи ва ички туризмни кенгайтириш, туризм хизматларини жадал ривожлантириш, айниқса, инфратузилмани яхшилаш, маданий мерос объектлари муҳофазасини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасига туристларнинг ташрифи динамикаси ўсиб бормоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистонга 2018 йилда 347 минг маҳаллий, 82 минг бошқа давлатлардан, 2019 йилда 551 минг маҳаллий, 100,4 минг бошқа давлатлардан, 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли 40 минг маҳаллий, 3 минг бошқа давлатлардан, ўтган 2021 йилда 284,4 минг маҳаллий, 24,6 минг бошқа давлатлардан туристлар ташриф буюрган.

Шунингдек, 2018 йилда ҳудудда 27 та жойлаштириш ўрни (шундан 24 та меҳмонхона ва 3 та қора уй лагери) ва 7 та туроператор фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда жойлаштириш ўринлари 81 тага (шундан 34 та меҳмонхона, 14 та хостел, 33 та меҳмон уйи), туроператор субъектлари 39 та, туризм синфига мансуб автобус 20 тага, микроавтобуслар 11 тага, йўл танламаслар 37 тага, квадроцикллар 14 тага, гид-экскурсоводлар 25 тага етказилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА