Туризм: Янгиобод сўлим масканга айланмоқда
Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани иқтисодий ривожланиш учун имкониятлари кам бўлган ҳудуд бўлиб, энг катта ва бебаҳо бойлиги бу меҳнаткаш, фидоий, қалби дарё халқидир.
Янгиободликлар бир неча метр чуқурликдан қудуқ қазиб, сув чиқариб, томорқасида боғдорчилик, узумчилик, сабзавот ва полиз экинлари етиштиришда сувли ҳудудларда яшаётган миришкорлардан асло қолишмайди.
Меҳнат бозорида ишчи кучи таклифи ва бандликка бўлган эҳтиёж ҳар бир фуқаролар йиғини ва секторлар кесимида батафсил аниқланганлиги, янги иш жойларини ташкил этиш дастурини ишлаб чиқишда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, унинг истиқболлари, ўрни ва салоҳияти, ихтисослашуви, иш ўринларига бўлган эҳтиёж, молиявий манбалар тўғрисида маълумотлар жалб этилишини ҳисобга олган ҳолда 2024 йилга мўлжалланган “Аҳолини иш билан таъминлаш бўйича туман дастури”га асосан жами 4053 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг январь – июнь ойларида 2997 та доимий ва мавсумий иш ўринларини яратиш белгиланган бўлиб, ташқи савдо ва маҳаллий саноатни ривожлантириш, молия-иқтисод, тадбиркорлик ва камбағалликни қисқартириш, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, қурилиш транспорт ва коммунал соҳа, зиёрат, эко ва тиббиёт туризмини ривожлантириш ҳисобига жами 3942 та доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилганини таъкидлаш лозим.
Туман мутахассисларининг таъкидлашича, Янгиободнинг келажакдаги асосий драйверларидан бири – бу зиёрат, тиббиёт ва экотуризм бўлиши кутилмоқда. Обод гўшалардан бирига айланган Хўжамушкент зиёратгоҳи, “Ҳавотоғ” санаторийси, “Хўжамушкент” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи сой бўйида фаолият олиб бораётган ва иш бошлашга тайёр бўлиб турган ўнлаб Меҳмон уйлари ўз фаолиятини бошлаганига кўп бўлмади.
“Ҳавотоғ” ҚФЙ Учтургон қишлоғи ҳудудидаги “Ҳайир Ҳавотоғ” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида манзилда бўлдик. Корхона мутахассисларининг таъкидлашича, манзилдаги булоқ шифобахш хусусиятга эга. Булоқ суви 1636 метр чуқурликдан +45 даража ҳароратли, таркибида эса 18 та микро ва макро элементлар мавжуд.
– Салкам 30 йил давомида ташландиқ ҳолга келиб қолган ушбу бинони асли ўзбекистонлик, бугунда Россия Федерацияси фуқароси тадбиркор Муҳаммадхайрулло Қаюмжонов томонидан замонавий ва кўркам кўринишга келди. Аҳоли саломатлиги йўлида булоқ суви билан даволайдиган 80 ўринга мўлжалланган шифо маскани барпо этилди, – дейди “Ҳайир Ҳавотоғ” қўшма корхонаси иш бошқарувчиси Файзулло Раҳимов. – Қўшма корхона ўтган йили ўз фаолиятини бошлади. Сиҳатгоҳда 48 ўринли VIP хона, 30 ўринли стандарт ва 80 ўринли миллий ҳамда Европа таомлари тайёрлашга мўлжалланган ошхона, булардан ташқари кутубхона мавжуд.
Мижозлар учун парафин, массаж, фин ва турк ҳаммомлари, иссиқ балчиқ ва қум, туз ғори ва шифобахш сувли жакузи ванналари ташкил этилган. Шифо масканида суяк-буғим касалликлари, асаб тизими, овқат ҳазм қилиш органлари, гинекологик, урологик, марказий қон айланиш тизими, қандли диабет ва умуман ўндан ортиқ касалликлар билан оғриган беморларга сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Лойиҳа доирасида корхонада 52 та янги иш ўрни яратилиши назарда тутилган бўлиб, ҳозирда 30 киши доимий иш ўринлари билан таъминланган. Манзилда янги лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳалардан бири яқин орада, санаторий биноси ёнидан ўн оилага мўлжалланган оилавий дам олиш ва даволаниш уйлари барпо этилиб фойдаланишга топшириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, янги лойиҳанинг иккинчи босқичида қиймати 1 миллион 500 минг АҚШ долларлик “Ҳавотоғ” шифобахш сув ишлаб чиқариш заводини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган.
Ушбу завод дастлабки босқичда ойлик қуввати 60 минг дона 1 литр, 80 минг дона 0,5 литр идишларда сув қадоқланиб, лойиҳанинг кейинги босқичида ойига 180 минг литр минерал сув ишлаб чиқарилиши мақсад қилинган. Мазкур лойиҳаларнинг ижроси тўлиқ таъминлангач, қўшимча яна 25 та янги иш ўрни яратилади. Корхонада қадоқланган маҳсулотнинг асосий қисми Россия, қўшни қардош республикалар ва Бирлашган Араб Амирликларига экспорт қилиш режалаштирилган.
[gallery-18737]
– Ушбу сиҳатгоҳда бир неча кундан буён даволанаман. Тоза ҳаводан мириқиб нафас олиб, бел, бўғиндаги оғриқлар, тановул қилган таомларни тез ва жуда яхши ҳазм бўлишини ҳис қилдим, – дейди Усмонали Тошпўлатов. – Фарғона вилояти Риштон туманидан келдим. Менга шифобахш булоқ суви манзур бўлди. Даволаниш хоналари, кутубхона ва бошқа хоналарнинг ҳамда атроф-муҳит тозалигига ниҳоятда катта эътибор қаратилгани, овқатларнинг тўйимлилиги ҳаммага бирдек манзур бўлмоқда.
Жиззах шаҳридан салкам 150 километр масофадаги “Ҳайир Ҳавотоғ” сиҳатгоҳининг шифобахш булоқ сувидан ичиб, ҳудуднинг мусаффо ҳавосига тўйиниб хизмат сафаридан қайтар эканмиз, келажакда тиббиёт, зиёрат ва экотуризми Янгиободнинг асосий драйверларидан бирига айланишга ишонч ҳосил қилдик.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.