Тупроққалъада “Лойиҳалар ярмаркаси”
Тупроққалъа туманида тижорат банкларининг маҳаллаларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича “Лойиҳалар ярмаркаси” бўлиб ўтди.
Олтмиш мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган туманда мазкур ярмарка давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 16 декабрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш ва тижорат банкларининг ролини ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинди.
Тадбирда Марказий банкнинг Хоразм вилоят бош бошқармаси, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, Навоий шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, тижорат банклари масъуллари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда тадбиркорликни бошлаш истагидаги фуқаролар иштирок этди.
Унда тижорат банклари кредит тарифлари ва тайёр бизнес режаларини иштирокчиларга тақдим этди. Шунингдек, банклар кўмагида тадбиркорликни ривожлантирган лидер тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, тадбиркорликка энди қадам қўяётганларга ўз билим ва тажрибаларини улашдилар.
Ярмаркада “Сайхунобод”, “Уйчи”, “Зарбдор” ва “Ғиждувон” тажрибалари асосида ишлаб чиқилган 70 дан зиёд бизнес-режа таклиф этилди.
[gallery-21332]
Тадбир давомида тадбиркорликни ривожлантириш, банк хизматларидан самарали фойдаланиш, банк кредит турлари, имтиёз ва қўлланилаётган янгиликлар бўйича мутахассислар томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Меҳнат ярмаркасида 20 га яқин корхона ва ташкилот, шунингдек, тижорат банклари ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари