Туман ҳокими бўлғуси муҳандис ва агротехнологлар билан учрашди
Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳокими Қосим Мардонов жорий йил Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини битирадиган ангорлик йигит-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда туман раҳбари мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, ташаббус ва ғояларини рағбатлантириб, тадбиркорлик билан шуғулланишни қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, замонавий касб-ҳунарга йўналтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритди.

Бу йил тумандан вилоятдаги олий ўқув юртларини 755 нафар талаба битиради. Уларнинг 182 нафари Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида таълим олиб, турли касб сирларини чуқур ўрганмоқда.

Очиқ мулоқотда бўлғуси малакали мутахассислар учун туманда мавжуд иш ўринлари тўғрисида ҳам маълумот берилиб, битирувчи ёшларга ўз билим ва салоҳиятини Ватан тараққиёти, юрт ривожи йўлида сарфлаш учун изланишдан тўхтамай, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.


Айни пайтда Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида 50 дан ортиқ бакалавриат, қарийб 30 та магистратура йўналишида ўн мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Уларга барча замонавий шароитларга эга ўқув даргоҳида 360 дан ортиқ профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Шунингдек, олийгоҳда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ва Эрон, Афғонистон, Бангладеш, Тожикистон каби хорижий давлатлардан келган талабалар ҳам таълим олаётир. Бу йил олий таълим муассасасини 1 минг 840 дан ортиқ талаба битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири