TRIPP лойиҳаси аллақачон бошланган
– TRIPP номи билан танилган лойиҳани амалга ошириш аллақачон бошланган, – деди Президент Илҳом Алиев Нахчивонда Озарбайжон телевидениесига берган интервьюсида. – Уч кун олдин, 8 август куни Президент Дональд Трамп билан суҳбат чоғида бу масала ҳам кўтарилди ва томонлар ушбу муҳим ташаббус яқин келажакда фаол илгари сурилишига ишонч билдирди.
Шунингдек, давлат раҳбари Зангезур йўлагини яратиш Боку ташаббуси эканига урғу бериб, Озарбайжоннинг асосий қисмини мамлакатга тегишли ажралмас ҳудуд ҳисобланган Нахчивон билан боғлаш асосий мақсадлигини таъкидлади.
Қўшимча қилинишича, Озарбайжон шу режа йўлида ишонч билан ҳаракат қилмоқда ва мақсадга аллақачон яқинлашган.
Бундан ташқари етакчи Иккинчи Қорабоғ уруши тугагандан сўнг темир йўл ва автомобиль трассаларини тиклаш, жумладан Нахчивон томон йўл ётқизиш бошланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Ҳорадиз-Ағбенд авто магистрали деярли якунланган, темир йўл қурилиши ҳам жадал суръат билан давом эттирилмоқда.
– Бу лойиҳани исталган вақт тезлаштириш мумкин, – деди Алиев. – Шунчаки ҳозир бунга эҳтиёж кўрмаяпмиз, чунки Арманистон томони ҳали тайёр эмас.
Президент кўплаб халқаро ташкилотлар, хусусан Европа Иттифоқи ва бир неча мамлакат Озарбайжон темир йўлининг Нахчивон қисмига қизиқиш билдираётганини ҳам таъкидлади. ЕИ вакиллари мухтор минтақага бориб, вазият билан жойида танишгани ва ташаббусда иштирок этишга хоҳиш билдиргани таъкидлади.
С.Раҳимов, ЎзА