Тренерлар гуруҳи тайёрланди
Андижон давлат университетида жорий йил октябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик доирасида маҳаллий тренерларни тайёрлаш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди.
Ўқув машғулотларида республикамиз пойтахтидан келган малакали мутахассислар томонидан вилоятимиздаги етакчи таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари орасидан шакллантирилган 83 нафар маҳаллий тренерга сайлов қонунчилиги, унга киритилган ўзгаришлар, сайловларни ташкил этиш, сайлов жараёнида вужудга келадиган турли масалалар, уларни ҳал этиш юзасидан зарур сабоқлар берилди.
– Семинарнинг асосий мақсади бўлажак сайловларда сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш учун тренерлар гуруҳини тайёрлаш ва уларни сайлов қонунчилигидаги янгиликлардан хабардор қилиш, – дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Бахтиёржон Расулов. – Улар махсус ўқув дастурлари асосида ўқитилиб, сайловларга тайёргарлик, сайловларда иштирок этувчи мутахассисларнинг билим ва малакасини оширишга ёрдам беради.
Ўқув машғулотлари дастуридан пропорционал ва можаритар сайлов тизими, сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий жиҳатлари, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, биноларни жиҳозлаш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни белгилаш каби сайлов жараёни билан боғлиқ барча мавзулар ўрин олган.
Сайлов жараёнларининг қонуний, шаффоф ва юқори савияда ташкил этилиши кўп жиҳатдан участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котибларининг тажриба, билим ва малакасига боғлиқ. Шу маънода билим олаётган маҳаллий тренерлар келгуси босқичда айнан ана шу мутасаддиларни ўқитиб, уларнинг билим ва малакаларини оширади.
[gallery-18839]
Бундан ташқари, ўқув дастурининг ҳар бир мавзуси бўйича тайёрланган видеодарслар фойдаланиш учун ҳудудий тренерларга тақдим этилди.
Турли интерфаол усуллар – суҳбат, психологик машқлар, баҳс-мунозара, умуман илғор ўқитиш технологиялари асосида ўтказилган машғулотларда таҳлил қилиш, турли ҳолатларда юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга тренер мақомини берувчи сертификатлар топширилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари