Транспорт-логистика марказлари ва қуруқлик портлари тармоғи кенгайтирилади
2026 йил 12 октябрда “Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026-2030 йилларда транспорт-логистика тизимини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Жумладан, транспорт-логистика марказларининг йиллик қуввати камида 40 млн тоннага етказилади. Транспорт ва логистика хизматлари экспорти 3,5 млрд. АҚШ долларига, республика ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажми 18,5 млн. тоннага етказилади. Республикадаги барча талабларга жавоб берувчи халқаро қуруқлик портлари сони ҳозирги 24 тадан 30 тага етказилади. Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларининг юк ташиш қобилияти ва транспорт-логистика марказларида контейнерларга ишлов бериш қуввати икки баробарга оширилади.
Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади.
Транспорт-логистика марказларида терминалларни бошқариш (TOS) ва омборни бошқариш (WMS) тизимлари жорий этилади ҳамда улар 2030 йил охиригача Транспорт вазирлигининг “E-logistika” платформасига уланади.
2040 йилгача транспорт-логистика марказлари ер солиғи ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинади (бунинг учун марказ ЭСКАТО қуруқлик портлари тўғрисидаги битимга киритилган, тизимларни жорий этган ва “E-logistika” платформасида “BB” ва ундан юқори рейтингга эга бўлиши шарт).
Транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар учун 2029 йил 1 августгача ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эхтиёт қисмлар божхона божидан ва мажбурий сертификатлашдан озод қилинади.
2026 йил 1 ноябрдан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун амалдаги божхона йиғими ставкаси 20 фоизга пасайтирилади.
Қарорга кўра, 2027 йил 31 декабргача M₂, M₃, N тоифадаги транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божи тўлашсиз импорт қилиши мумкин.
ЎзА