Транспорт интеграцияси минтақавий ҳамкорлик омили сифатида: Тошкент ва Душанбе алоқаларининг янги уфуқлари
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашиб, Марказий Осиёда иқтисодий интеграцияни кучайтирувчи муҳим омиллардан бирига айланди.
Икки қўшни давлат ўртасидаги транспорт алоқалари нафақат савдо ҳажмини ошириш, балки минтақанинг транзит салоҳиятини кенгайтириш ва янги халқаро транспорт коридорларини шакллантиришда ҳам муҳим роль ўйнамоқда. 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 718,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 22,5 фоизга ошган бўлиб, икки давлат иқтисодий алоқаларининг барқарор ривожланаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, икки давлат ҳукуматлари ўртасида ўтказилган музокараларда ўзаро савдо ҳажмини яқин истиқболда 1 миллиард доллардан ошириш, узоқ муддатли истиқболда эса 2 миллиард долларга етказиш стратегик мақсад сифатида белгиланди.
Икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ривожида транспорт инфратузилмасининг модернизацияси ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Сўнгги йилларда юк ташиш ҳажми ҳам барқарор ўсиб бормоқда. Хусусан, 2025 йилда икки мамлакат ўртасида темир йўл, автомобиль ва авиация транспорти орқали амалга оширилган умумий юк ташиш ҳажми 12,7 фоизга ошиб, 11,12 миллион тоннани ташкил этди. Ушбу ҳажмнинг асосий қисми — 9,66 млн тоннаси (87 фоизи) Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтувчи транзит ташувларига тўғри келади. Шунингдек, 2025 йилда 868 минг тонна экспорт ва 594 минг тонна импорт амалга оширилиб, автомобиль транспорти орқали ташилган юк ҳажми 2,28 миллион тоннага етган.
Юк ташувларининг асосий қисми темир йўл ҳиссасига тўғри келиб, умумий юк ҳажмининг 80 фоизини ташкил этади. 2026 йил февраль ойида икки давлат темир йўл маъмуриятлари ўртасида эришилган муҳим келишувга кўра, чегара пунктларида кунига олтидан ортиқ жуфт юк поездларини қайта ишлаш имконияти яратилади. Бу қарор юк ташиш ҳажмини ошириш, чегара пунктларида вагонларни қайта ишлаш жараёнини тезлаштириш ва логистика тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Шу мақсадда Ўзбекистон темир йўллари томонидан айрим юклар учун 60 фоизгача тариф чегирмалари тақдим этилмоқда. Автомобиль транспортида ҳам изчил чора-тадбирлар кўрилиб, кўмир ва туз ташувчи транспорт воситалари йўл йиғимларидан озод этилган.
2025 йил декабрь ойида Самарқандда ўтказилган Қўшма комиссия йиғилишида «Жартепа» (Ўзбекистон) – «Саразм» (Тожикистон) чегара ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, рухсатнома бланкаларини электрон тизимга ўтказиш ҳамда Хитой – Тожикистон – Ўзбекистон мультимодал транспорт коридори орқали пилот ташувларни йўлга қўйиш каби масалалар кўриб чиқилди. Транспорт ҳамкорлигининг муҳим йўналиши бўлган авиация соҳасида эса Тошкент ва Душанбе ўртасида ҳафтасига 8 та мунтазам рейс амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан минтақавий жозибадорликни ошириш ва Европа Иттифоқи билан савдо алоқаларини ривожлантириш мақсадида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа (5 430 км) халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ушбу йўналишнинг Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон коридори билан уйғунлаштирилиши Хитойнинг ғарбий вилоятларини Ҳинд океани портлари билан боғлайдиган янги стратегик йўлакни шакллантириши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Темир йўл, автомобиль ва авиация транспортидаги алоқаларнинг кенгайиши икки мамлакат иқтисодий интеграциясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Д. Ибрагимова,
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази бўлим бошлиғи
О.Абдусаматов,
Марказ етакчи мутахассиси