Трампнинг президент лавозимида имзолаган илк фармонлари
АҚШ президенти Дональд Трамп инаугурация маросимида сўзлаган нутқида ташқи сиёсатдаги асосий устуворлик Американи ҳимоя қилиш эканига урғу берди.
Бинобарин, янги президент имзолаган илк фармонларда ҳам мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Давлат етакчисининг биринчи имзолаган фармонларидан бири америкалик тадбиркор Илон Маск бошчилигида АҚШ ҳукумати самарадорлик департаментини яратиш тўғрисидаги ҳужжат бўлди.
***
Оқ уй раҳбари “Мексика кўрфази”нинг номини “Америка кўрфази”га ўзгартириш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Унга кўра, мамлакат ички ишлар вазири 30 кун ичида Мексика кўрфазининг номини Америка кўрфазига ўзгартириш учун барча “зарурий ҳаракатлар”ни амалга ошириши керак.
***
Янги президент Америкада туғилган мигрантларнинг фарзандларига туғма фуқаролик беришни чекловчи фармонни имзолади.
***
Қўшма Штатлар етакчиси Трамп собиқ давлат раҳбари Жо Байден мамуриятининг аввалги амалдорларини ноқонуний равишда малумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарликка тортиш ҳақидаги фармонни имзолади.
***
АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтонни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таркибидан чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолади.
***
Янги сайланган президент сешанба куни Оқ уйдаги жонли эфир пайти 1 февралдан бошлаб Мексика ва Канадага 25 фоизлик божлар жорий этишини айтди.
– Биз Мексика ва Канада учун 25 фоизлик бож ҳақида ўйлаяпмиз, - деди у журналистларга.
***
АҚШ президенти ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатиш мақсадида мамлакат жанубий чегарасида фавқулодда ҳолат эълон қилди, деб хабар тарқатди Оқ уй телеканали.
***
Шунингдек, Трамп наркотик картелларига террорчи ташкилот мақомини бериш ҳақидаги фармонни имзолади.
– Одамлар буни йиллар давомида кутишган. Шундай қилиб, энди наркокартеллар террорчи ташкилотлар сифатида белгиланди, - деди у ҳужжатни имзолар экан.
***
Телеканалда айтилишича, Трамп 2021 йил январь ойида Капитолийга бостириб киришда айбланган 1500 га яқин одамни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.
***
Президент Дональд Трамп сўз эркинлигини тиклаш ва ҳукумат цензурасининг олдини олиш бўйича фармойишни имзолади.
***
Қизиқ жиҳати, Трамп Жо Байден даврида қабул қилинган 78 та қарорни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда янги давлат раҳбарининг инаугурациядан кейин Вашингтондаги митингида маълум қилинди.
***
Янги маъмурият АҚШни иқлим бўйича Париж келишувидан чиқарди. Бундан ташқари, Трамп президентлик чоғида яна бир қанча масалаларга устуворлик беришини ҳам эслатиб ўтди. Биринчи навбатда у дунёдаги энг кучли армияни қуришга ваъда бериб,
“Биз дунё ҳали кўрмаган энг қудратли армияни қурамиз”, деди.
Ўзининг инаугурация маросимидаги нутқида Трамп улкан космик дастурни амалга ошириш, жумладан, америкалик астронавтларни Марсга жўнатиш ниятида эканлигини маълум қилган.
Шунингдек, АҚШнинг 47-президенти сифатида у ноқонуний муҳожирларнинг Америка ҳудудига киришини зудлик билан тўхтатишга ва миллионлаб муҳожирларни экстрадиция қилиш жараёнини бошлашга ваъда берган.
Қолаверса, Панама канали устидан назоратни қайта тиклаш ниятида эканини маълум қилган.
– Айни пайтда Хитой Панама каналини назорат қилмоқда. Биз уни Хитойга эмас, Панамага бергандик, энди эса уни қайтариб оламиз, -деган у.
С.Раҳимов тайёрлади, ЎзА