Трамп: Мулоқотдан маъно йўқ!
Қўшма Штатлар Эронга қарши ҳарбий амалиётни ўн биринчи кеча ҳам тўхтатмади. Шу орқали Вашингтон можарони дипломатик йўл билан юмшатишга ҳозирча тайёр эмаслигини яна бир бор намоён қилди. Президент Дональд Трампнинг сўзларига кўра, Теҳрон учрашув ўтказиш истагини билдирмоқда, бироқ амалий таклифсиз бундай мулоқотдан маъно йўқ.
АҚШ Марказий қўмондонлиги бу галги зарбалар ҳарбий манзиллар, авиация инфратузилмаси, дрон сақланадиган омборлар, денгиз объектлари ҳамда таъминот тармоғига қаратилганини айтди. Шунингдек, америкалик ҳарбийлар сўнгги уч ой давомида Эрон Ҳурмуз бўғози орқали ҳаракатланган 30 дан зиёд тижорат кемасига ҳужум қилганини билдирган. Масалан, кеча яна бир нефть ташувчи танкер нишонга олиниб, экипаж кемани тарк этишга мажбур бўлган. Мазкур ҳаракат учун масъулиятни Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ўз зиммасига олган.
Дарҳақиқат, Ислом Республикаси қарши ҳаракатни кучайтириб, Баҳрайн, Иордания ва Кувайтдаги нишонларга зарба йўллади. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари пойтахтлар атрофида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушгани, турли ҳудудларда портлаш овози эшитилгани ҳақида ахборот тарқатди. Айни пайт Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф барча томонларни вазминликка чақириб, ўтган ой эришилган муваққат келишувни сақлаб қолиш учун дипломатик саъй-ҳаракат фаоллаштирилганини таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА