Трамп аэропорт ходимларини ҳимоя қилди
АҚШ Президенти Дональд Трамп аэропорт хавфсизлиги ходимлари маоши билан боғлиқ янги фармон чиқарди. Бу қарор Конгрессдаги келишмовчилик туфайли юзага келган инқироз асносида қабул қилинди.
Маълум бўлишича, қисман “shutdown” сабаб, минглаб мутахассис ойлик тўловсиз ишлашга мажбур бўлган, 500 га яқин ходим ишдан кетган. Натижада мамлакат бўйлаб аэропортларда узундан узоқ навбат, кечикиш ҳолатлари кўпайди.
Оқ уй ушбу қадамни вақтинча ечим сифатида кўряпти. Тизимни қонунчилик даражасида тўлиқ молиялаштириш масаласи эса ҳамон очиқ.
Демократлар ва республикачилар ўртасидаги баҳс асосан миграция сиёсати атрофида кечмоқда. Шу боис хавфсизлик идораларини молиялаштириш бўйича келишув ҳалигача қабул қилинмади.
Мутахассислар муаммо тезда ҳал этилмаса, айрим кичик аэропортлар ёпилиши, ҳаво қатновидаги узилиш янада кучайиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА