Тракторчи-машинист гувоҳномаси янгиланиши керак
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан эски намунадаги техник паспорт ва техник гувоҳнома, тракторчи-машинист гувоҳномаси ҳамда давлат рақам белгисини алмаштириш муддати 2022 йил 31 декабргача бўлиб, 2023 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги ушбу ҳужжатлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

– Вилоят бўйича 33 минг 600 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг электрон базаси шакллантирилган, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси бош инспектори Шаҳриддин Бутунов. – Шу пайтгача 25 мингдан ортиқ техника янги намунадаги техник паспорт, техник гувоҳнома ва давлат рақам белгилари билан таъминланди. Йил охирига қадар қолган техника воситалари ҳужжатлари ҳам янгиланиши керак. Бу жараён доимий эътиборимизда ва инспекторларимиз томонидан ҳудудлар кесимида мониторинг тадбирлари ўтказилиб, амалга оширилган ишлар кунлик таҳлил қилинмоқда.
Юқоридаги қарорга асосан, 2023 йилнинг 1 январдан бошлаб, эски намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномаси, техник паспорт ва техник гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилади ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан, маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА