“Тозалик ва озодалик” долзарб икки ойлигига старт берилди
Мамлакатимиз ҳудудларида аҳоли яшаш шароити, санитария ҳолатини яхшилаш ва атроф-муҳитни ободонлаштиришга қаратилган “Тозалик ва озодалик” долзарб икки ойлиги ўтказилмоқда.
Ойлик доирасида маҳаллалар, кўчалар, йўллар, ариқ ва каналлар, сув ҳавзалари ҳамда бошқа жамоат жойлари чиқиндилардан тозаланмоқда. Шунингдек, ноқонуний чиқиндихоналар бартараф этилиб, ҳудудларни ободонлаштириш, дарахт ва буталарни парваришлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш, махсус техникалар фаолиятини кучайтириш, санитария ҳолатини яхшилаш, кўкаламзорлаштириш ҳамда экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида бугунга қадар 229 дан ортиқ махсус техника жалб қилиниб, 139 та маҳалла ҳудуди чиқиндилардан тозаланди. Натижада 9 минг 90 тонна чиқинди олиб чиқиб кетилди.
Андижон вилоятида 330 дан ортиқ техника сафарбар қилиниб, 230 дан зиёд маҳаллада 23 минг 671 тонна чиқинди ҳудудлардан олиб чиқилди.
Самарқанд вилоятида эса 440 дан ортиқ махсус техника ёрдамида 319 та маҳалла тозаланиб, 23 минг 125 тонна чиқинди олиб чиқиб кетилди.
Тошкент шаҳрида 261 та техника жалб қилиниб, 228 та маҳаллада тозалаш ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда 47 минг 942 тонна чиқинди ҳудудлардан олиб чиқилди.
Айни пайтда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам санитария-тозалаш ва ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Икки ойлик доирасида нафақат мавжуд ҳудудларни тозалаш, балки яшил майдонларни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, кўчат экиладиган жойлар аниқланиб, ер майдонларини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган.
“Тозалик ва озодалик” долзарб икки ойлиги доирасидаги тадбирлар республика бўйлаб давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА