Тозалик, озодалик посбонлари
Юртимизга кириб келган баҳор фасли муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари билан учрашди.
Нукус шаҳрида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, шаҳарнинг тозалиги ва ободлигини сақлашда соҳа фидойиларининг хизмати муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари эътибори натижасида ўтган 2022 йилда Нукус шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, 33 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 390 километрдан зиёд тупроқ йўлга тош-шағал ётқизилди. 152 километр йўл асфальтланди, 14 километр бетон йўл қурилди. 40 километрдан зиёд пиёдалар йўлаги янгиланди. Шунингдек, шароити оғир оилаларнинг уйлари таъмирланди. Бу эзгу ишлар бугунги кунда ҳам давом этмоқда.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ҳудудларда озодаликни сақлаш ва ободонлаштириш ишларини янада такомиллаштириш мақсадида соҳанинг бир гуруҳ ходимларига махсус техникалар калитларини, хизмат кийимлари ва совғалар топширди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири