«Тоза ҳаво» ойлиги бошланди
Ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдорининг сезиларли ортишига, бу эса ўз навбатида республикамизда, айниқса, Тошкент шаҳрида ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Ўтган 2022 йил якунига кўра, ҳаво ифлосланиши бўйича халқаро ҳаво индекси рейтингида пойтахтимиз 20-ўринни эгаллаган.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда 4 миллионга яқин автотранспорт воситалари мавжуд бўлиб, шундан 100 мингтаси носоз ҳисобланади. Улардан атмосферага бир йилда ўртача 1,3 миллион тонна зарарли ташламалар ташланади, бу умумий ташламаларнинг 63,0 фоизини ташкил этади (ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 88 фоизга тенг).
Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, юртимизда «Тоза ҳаво» ойлиги бошланди. Тадбир доирасида 79 та йўл-патруль масканларида кўрик нуқталари, шунингдек, вилоят ва шаҳарлар марказий кўчаларида кўчма постлар ташкил этилиб, уларга 500 нафар ходим жалб этилади.
Тадбир давомида республиканинг барча ҳудудларидаги йўл-патруль масканларида, вилоят, туман (шаҳар)ларнинг марказий кўчаларида бензин, дизель, табиий сиқилган ва суюлтирилган газда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газлар миқдори махсус асбоб-ускуналар орқали кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, 79 та йўл-патруль масканларида кўрик нуқталари, вилоят ва шаҳарлар марказий кўчаларида кўчма постлар ташкил этилиб, уларга 500 нафар ходим жалб этилади.
Тадбир 10 майгача давом этади.
ЎзА