Товарларнинг коди ўзгартирилгани аниқланди
Товарларнинг ТИФ ТН коди яъни божхона чегараси орқали товарларни ташишда қўлланиладиган тегишли кодлар божхона божларини ҳисоблашда жуда муҳим аҳамиятга эга. Аммо мазкур кодларнинг биргина рақамга ўзгартирилиши ҳам божхона божларининг тўғри ва тўлиқ ундирилишига таъсир кўрсатади.
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Хўжадавлат” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан аниқланган ҳолатда ҳам айнан ТИФ ТН кодларининг ўзгартирилиши натижасида 400 миллион сўмлик божхона тўловларидан қочишга бўлган уриниш бартараф этилди.


Унда мазкур темир йўл чегара божхона постига хорижий йўналишда ҳаракатланиб кириб келган темир йўл состави инспекцион кўрик мажмуаси ёрдамида сканердан ўтказилди. Жами 4 та вагоннинг рентген тасвирлари таҳлилига кўра, товарларнинг номи ва кимёвий таркибига нисбатан божхона ходимларида шубҳа уйғотди.
Тегишли тартибда ўтказилган божхона кўриги ва экспертизаси гумонларнинг ноўрин эмас эканлигини тасдиқлади. Натижада, юк кузатув ҳужжатларида қайд этилган ТИФ ТН кодларига кўра “калций карбанат” ўрнига “полиэтилен” товарлари борлиги ўз исботини топди.
Айни дамда умумий қиймати 4 миллиард 208 миллион сўмни ташкил этувчи ушбу товарлар вақтинча сақловга олинган бўлиб, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тегишли тартибда иш олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА