Тўсиқларни енгиб ўтиб, ички имкониятларни ишга солиш фаровонликнинг муҳим шарти саналади
Президент ташаббуслари – амалда
Бугунги кунда дунё миқёсида логистика занжирлари ўзгариб кетди. Ёқилғи ва хомашё нарх-навосининг ошиб бориши кузатилмоқда. Мураккаб жараён ҳар бир давлатнинг кун тартибига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ўта муҳим вазифани қўймоқда. Бу вазият бизга ҳам бегона эмас.
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 24 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан шу масалаларга эътибор қаратилди. Бунда иқтисодий ўсиш таҳлили ва йил якунига қадар бўлган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда жуда ўринли бир фикр айтилди. Иқтисодиёт қанчалик ўсмасин, агар инфляция даражаси ҳам биргаликда ошадиган бўлса, оддий одамлар ва тадбиркорлар бу ўзгаришни ўз ҳаётида ҳис қилмайди. Ташқи босимлар, жумладан, ташиш харажатлари 25-30 фоизга кўпайганини табиий ҳол деб қабул қилиб, ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди.

Истеъмол саватимиздаги маҳсулот ва хизматларнинг 70 фоизи маҳаллий эканини инобатга олиб, мутасаддилар зиммасига жорий йилда инфляцияни 6,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш вазифаси юклатилди. Бунинг учун энг аввало маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириш, нархларни арзонлаштириш талаб этилади. Шунингдек, қорамол импортидаги логистика узилишлари сабабли иккинчи чоракда 45 минг тонна, йил якунигача эса жами 130 минг тонна гўшт импортини таъминлаш, муаммо чиққанда тадбиркорнинг мурожаатини кутмасдан, онлайн мониторинг орқали тезкор ечим топиш топширилди.
Хўш, бу глобал чақириқлар ва давлат раҳбарининг топшириқлари жойларда, реал ҳаётда қандай акс этмоқда? Келинг, буни Бухоро вилоятининг Олот тумани мисолида кўриб чиқамиз.
Юқоридаги селектордан сўнг олотликлар ҳам дарҳол ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб, янги режаларни тузишди. Тармоқларда барқарор ўсишга эришиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва нарх-навони ушлаб туриш мақсадида туманда кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди.
Мисол учун, аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш йўналишида чорвачиликни ривожлантириш энг асосий йўналишлардан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари кўрсатмасидан сўнг бешта субъектга наслчилик хўжалиги мақомини бериш ва бу орқали ихтисослашган хўжаликлар сонини 22 тага етказиш белгиланди. Бугунги кунга қадар шу мақсад учун 3,4 миллиард сўмлик тўртта лойиҳа тўлиқ амалга оширилиб, маҳсулот ҳажмини оширишга эришилди.

– Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ва ташаббуслар аграр соҳада катта резонанс берди, – деди Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова. – Бугун фермерлар мавжуд молларини асраш билан чекланиб қолмай, импорт қилинган наслли молларни кўпайтиришга, замонавий чорва комплексларини қуришга киришишди. Чунки олотликларнинг хонадонларида азалдан чорва етиштирилади. Бу сиёсатни аҳоли жуда яхши тушуниб етди. Эътиборли жиҳати, туманда сув сатҳи юқори бўлган коллекторлардан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Сув тўпланиб қоладиган жойларда ғоз, ўрдак, балиқ чавоқларини боқиш учун имкониятлар ва кредитлар яратиб бериляпти. Ҳовузларда балиқ етиштириш учун ҳатто чет эл инвесторлари таклиф қилинди. Хитой билан ҳамкорликда балиқ саноат паркини ташкил этиш, нафақат маҳаллий бозорни таъминлаш, балки саноатбоп балиқлар етиштириб, уларни экспорт этиш жараёни қизғин кетмоқда.
Шунингдек, туманда 20 дан ортиқ қўйчилик хўжалиги самарали фаолият юритмоқда. Илмий ёндашув ва илғор тажрибалар туфайли олотликлар 1,5 сотихли ҳовлида олтмиш-етмиш бошгача қўй боқиш мумкинлигини амалда исботлашди. Бу жуда ҳаётий ва ҳар бир оила учун манфаатли тажрибадир. Битта қўйни озиқлантириш учун кунига жуда катта харажат қилинмайди. Йил охирига бориб эса ҳар бир бош қўй тўрттагача кўпайиши мумкин. Бу оддийгина математика. Ўн бош қўй эллик бошга етса, оиланинг харажатидан ортган соф даромади яққол кўринади.
Ерлардан оқилона фойдаланиш борасида ҳам салмоқли натижалар бор. Туманда 126 гектар янги боғ ва токзорлар барпо этиш режалаштирилган. Баҳор мавсумидаёқ 86 гектар майдонда бу ишлар амалга ошириб бўлинди. Қўшимчасига 47 гектар саноатлашган замонавий токзорлар ташкил этилди.
Айни пайтда Олотда ғалла йиғим-терими қизғин паллага кирган. Тумандаги 291 та фермер хўжалиги буғдой етиштириш бўйича гектарига 80 центнердан юқори, ҳатто ундан ҳам баланд натижаларни кўзламоқда. Фермер Рустам Тўевнинг айтишича, 28 гектар ғалладан давлат режасини бажариб, аввалги 35-40 центнер ўрнига 100 центнерга яқин ҳосил олишга эришган. Бу, албатта, давлатнинг фермерларга бўлган эътибори, илмий ёндашувлар, хорижий навлар ва уруғлар самарасидир. Фермернинг даромади, маҳсулоти кўп бўлса, техника олишга имконияти етади, ишчиларнинг маоши ошади, агротехник тадбирлар ўз вақтида ўтказилади.
Энг асосийси, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туманда бир минг гектардан ортиқ картошка экилди. Бундан ташқари, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар эвазига иссиқхоналар сони ҳам ортди. Натижада маҳсулотлар ҳажми ортишига эришилмоқда. Эндиги вазифа эса омборхоналарни кўпайтириб, сиғимини ошириш ва маҳсулотни исроф қилмасдан сақлашдан иборат.
Олиб борилаётган ислоҳотлар ҳудудларнинг иқтисодий барқарор, инфратузилмаси ривожланган, тадбиркорлик учун қулай ва аҳолиси фаровон бўлишига хизмат қилмоқда. Яратилаётган имкониятлар ва одамларнинг меҳнатга бўлган янгича муносабати кўзланган юқори марраларга эришишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани эътиборга молик. Мамлакатимиздаги иқтисодий ўсиш ва ижобий ўзгаришлар айнан мана шундай маҳаллий ташаббуслар ва ҳаётий қарорлар туфайли ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда сезилаверади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси