Тошлоқда касбий таълим муассасалари учун амалий семинар ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошлоқ тумани 3-сон техникумида Фарғона вилоятидаги касбий таълим муассасаларининг 2026/2027 ўқув йилига тайёргарлигига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси масъуллари, техникум директорлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.
[gallery-30655]
Семинар қатнашчилари таълим муассасасида ташкил этилган “Master House” амалий ўқув майдони, очиқ осмон остидаги кутубхона, Wi-Fi ҳудуди, лаборатория ва устахоналар, шунингдек, ободонлаштирилган ҳудуд билан танишди. Таъкидланганидек, янги ўқув йили арафасида техникумда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, моддий-техника базаси янада мустаҳкамланди.
Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қиймати 250 миллион сўм бўлган замонавий устахона фойдаланишга топширилди. Унда ўқувчиларнинг касбий-амалий кўникмаларини шакллантириш учун зарур шароитлар яратилган.
Семинар якунида касбий таълим муассасаларини янги ўқув йилига пухта тайёрлаш, таълим сифати ва моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА