Тошлоқ тумани янада обод бўлмоқда
Ҳукуматимизнинг ўтган йил 21 сентябрда қабул қилинган «2020-2022 йилларда Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳудудни янада тараққий этишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бу бўйича чора-тадбирлари дастури тасдиқланган бўлиб, 1 минг 887 та лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.
Ўтган даврда 28 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди. Кўплаб мактаблар, тиббиёт муассасалари, давлат мактабгача таълим ташкилотлари капитал реконструкция қилиняпти. 39 та маҳаллалардаги 54 километр ички йўллар жорий таъмирланмоқда, “Конизар”, “Хўжаариқ”, “Найманбўстон”, “Истиқлол”, ”Меҳнатобод” маҳаллаларига ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари олиб борилмоқда.
Албатта, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари туман қиёфасини янгилаяпти. Янги иншоотлар, корхоналар ишга туширилиб, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Туризмни ривожлантириш, шунингдек, меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида туман марказида "Istiqlol LRM" меҳмонхонаси иш бошлади. Унинг очилишида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Меҳмонхонада яратилган қулайликлар билан яқиндан танишиб, замонавий тарзда хизмат кўрсатиш, мижозлар учун шароитлар яратиш бўйича ўз таклифларини бериб ўтди.
Туманда тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари самарасида истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқяпти. Тадбиркор Салимжон Қодиров туман марказида 600 ўринли “Олтин водий” тўйхонасини барпо этганди. Бир неча йил мажмуа аҳолига хизмат кўрсатди.
Пандемия шароитидан келиб чиқиб, тўйлар ихчамлаштирилиб, одамлар сони анча чекланди. Катта ҳажмдаги тўйхоналар фаолияти тўхтаб, эҳтиёж камайди. Вазиятдан келиб чиқиб, тадбиркор мажмуани бошқа мақсадлар учун ўзгартиришга киришди. Тўйхона негизида 50 та савдо нуқталари, ёшлар учун ўқув маркази ташкил қилинди. Айни кунларда марказ ишга тушиб, фаолият кўрсатишни бошлади.
Вилоят раҳбари мазкур савдо мажмуасида амалга оширилаётган ишларни бориб кўрди. Тадбиркорнинг режалари билан қизиқди ва мажмуани ривожлантириш борасида кўрсатмалар берилди.
М. Сулаймонов, ЎзА