Тошкентдаги форумда ҳуқуқ-тартибот тизимининг устувор вазифалари белгиланмоқда
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва замонавий таҳдидларга қарши инновацион ечимлар топиш масалалари Тошкентда бошланган икки кунлик халқаро мулоқот марказида турибди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган «Tashkent Law Enforcement Forum – 2026» халқаро илмий-амалий форуми очилди.
Ташкил этган анжуман «Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни ҳимоя қилишда: замонавий таҳдидлар ва янги ечимлар» мавзусини қамраб олган. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқаро ташкилотлар, илмий-таълим муассасалари ва тегишли идоралар вакиллари қатнашмоқда.
Форумни очиб берган Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органларининг 35 йиллик тараққиёт йўлига тўхталди. У қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашишдаги устувор вазифаларни қайд этди.

Шунингдек, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий вакили Оливер Штолпе ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси раҳбари вазифасини бажарувчи Андриан Кринтя нутқ сўзлади.

Форумнинг биринчи кунида иштирокчилар Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг илмий-инновацион павильони фаолияти билан танишди.
Икки кунлик анжуман давомида прокуратура органларининг ўтган даврдаги фаолиятини сарҳисоб қилиш, соҳага илмий ёндашувлар, илғор амалиёт ва инновацион ечимларни кенг жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр ва тажриба алмашилади.
ЎзА