Тошкентда Замахшарий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди
Бугун Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Маҳмуд Замахшарий илмий мероси ва унинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман “mahmudzamaxshariy.uz” электрон платформасини яратиш ҳамда алломанинг дунё бўйлаб сақланаётган қўлёзмалари рўйхатини шакллантиришга қаратилган амалий лойиҳа доирасида ташкил этилди.

Тадбирни университет ректори, профессор Гулчеҳра Рихсиева очиб бериб, Замахшарий мероси нафақат ислом олами, балки жаҳон тилшунослиги ва адабиёти учун ҳам бебаҳо хазина эканини таъкидлади. Анжуманда Ўмон Султонлиги, Жазоир, Миср ва Тожикистондан келган таниқли замахшарийшунос олимлар ҳам ўз маърузалари билан қатнашдилар. Илмий муҳокама давомида буюк алломанинг “Ал-Кашшоф”, “Рабиъ ул-аброр” ва “Атвоқ уз-заҳаб” каби асарлари замонавий илм-фан нуқтаи назаридан таҳлил қилинди. Айниқса, араб грамматикаси ва дидактик қарашлар юзасидан қизғин баҳс кечди.
Лойиҳанинг аҳамияти ҳақида фикр билдирган соҳа мутахассиси Лазиз Тўраев таъкидлашича, бугунги кунда Маҳмуд Замахшарий меросини рақамлаштириш ва янги авлодга етказиш стратегик вазифа ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, “mahmudzamaxshariy.uz” олимлар учун бой илмий манба, ёш тадқиқотчилар учун эса аллома асарлари асл моҳиятини англашга кўмаклашувчи муҳим майдондир. Бундай лойиҳалар миллий меросимизни асраш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Конференция якунида иштирокчилар томонидан аллома асарларини тизимли ўрганиш, ўзбек тилига ўгириш кўламини кенгайтириш ҳамда илмий тадқиқотни янада чуқурлаштириш бўйича қатор тавсиялар берилди. Тақдим этилган янги электрон платформа келгусида Маҳмуд Замахшарий ижодига оид энг йирик, ишончли онлайн манбалардан бирига айланишига ишонч билдирилди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА