Тошкентда халқаро анжуман бошланди
Пойтахтимизда “Илм-фаннинг замонавий муаммолари ва истиқболлари” (ICPPMS-2021) мавзусида 1 - халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.
Онлайн тарзда ўтказилаётган мазкур анжуман Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ташаббуси билан Жанубий Кореянинг Sun Moon, Навоий давлат педагогика институти, Тошкент давлат транспорт институти ҳамда Тошкент кимё технология илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, профессор Ў.Умурзаков анжуман очилиши маросимида мазкур халқаро анжуман илм-фаннинг турли йўналишлари, жумладан, қишлоқ ва сув хўжалигида инновацион усуллар, илғор кимёвий технологиялар, бино ва иншоотлар қурилиши, энергетика ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни қўллаш бўйича етакчи тадқиқотчиларнинг илмий натижаларини қамраб олиши ҳамда мутахассислар учун кенг илмий мунозаралар майдони бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Ушбу халқаро анжуман олимлар, илмий мактаблар вакиллари, мутахассислар ўртасида илмий-амалий алоқаларни мустаҳкамлаш, илм-фан ривожини янги босқичга кўтариш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Сув хўжалиги вазирлигининг Сув тежовчи ва илмий-инновацион лойиҳаларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шавкат Усмоновнинг эътироф этишича, бугунги кунда олимлар ва тадқиқотчилар билан биргаликда мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасига илм-фан ютуқлари, сув тежовчи технологиялар ва жаҳоннинг илғор тажрибаларини жорий этиш борасида илмий ва методологик тавсияларни ишлаб чиқиш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, сув хўжалигини бошқариш ва сувдан фойдаланиш тизимларини такомиллаштиришда инновацион усуллардан фойдаланишга кенг эътибор қаратилмоқда.
Онлайн тадбирда Жанубий Корея, Япония, Финляндия, АҚШ, БАА, Покистон каби мамлакатларнинг нуфузли университетларидан олимлар ва тадқиқотчилар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Халқаро анжуман 11 июнь куни сессияларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттиради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА