Тошкентда венчур форуми бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида стартап экотизими ва инвестиция ҳамкорлигини ривожлантиришга бағишланган Марказий Евроосиё венчур форуми бўлиб ўтди.
Илк бор Ўзбекистонда ташкил этилган ушбу нуфузли тадбирда Марказий Осиё, Европа, АҚШ, Жануби-Шарқий Осиё ва MENA давлатларидан келган 800 га яқин инвесторлар, тадбиркорлар ва технологик компаниялар вакиллари иштирок этди.
Форумни рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов очиб берди. У ўз нутқида мамлакатда стартаплар учун яратилаётган шарт-шароитлар, қўллаб-қувватлаш механизмлари ва соҳанинг истиқболли йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг IT Park бош директори Азамат Караматов сўзга чиқиб, инновацион экотизимни ривожлантириш, резидентлар учун имкониятлар яратиш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Форум MOST Holding ва IT Park Uzbekistan томонидан, Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Тадбир доирасида “Марказий Осиёда стартаплар ва венчур капитали 2026” ҳисоботи тақдим этилди, бир қатор халқаро меморандумлар ва келишувлар имзоланди ҳамда Investment Readiness Accelerator (IRA) Tashkent дастури ишга туширилди.
Шунингдек, форум якунида CEVF Awards мукофотлари топширилди. Унда энг яхши венчур фонди сифатида - Aloqa Ventures (Ўзбекистон), йил кашфиёти сифатида - MoonAI стартапи эътироф этилди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан Star Venture дастурининг биринчи Марказий Осиё когортасига кирган 13 та стартап эълон қилинди. Уларнинг 7 таси Ўзбекистондан бўлиб, улар бизнес ривожи, менторлик ва инвестиция жалб қилиш бўйича қўллаб-қувватланади.
Марказий Евроосиё венчур форуми минтақада инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, инвестиция муҳитини мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилувчи муҳим майдон сифатида ўз аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА