Тошкентда поло бўйича мамлакат чемпионати бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган Марказий ипподром “Отчопар” мажмуасида Миллий гвардия ҳамда Ўзбекистон поло федерацияси, "Адолат" СДП ҳамкорлигида от спортининг поло тури бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар Чавандозлар мактабларидан жами 120 нафарга яқин спортчи иштирок этди.

Уч кун давом этган баҳсларда спортчилар чаққонлик, жасорат ва жамоавий ҳамжиҳатликни намоён қилди. Мусобақа доирасида эркаклар билан бир қаторда аёллар жамоалари ҳам иштирок этиб, томошабинларга қизиқарли ва шиддатли ўйинлар тақдим этди.

Якуний натижаларга кўра, эркаклар ўртасида Миллий гвардия Тошкент шаҳар Чавандозлар мактаби жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Қашқадарё вилояти, учинчи ўрин эса Самарқанд вилояти жамоасига насиб этди.
Аёллар жамоалари баҳсларида эса Самарқанд вилояти жамоаси ғолиб бўлди. Навоий вилояти жамоаси мусобақани иккинчи ўрин билан якунлади.
Н.Раҳмонова, ЎзА