Тошкентда II-Иқтисодий форум бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 16-17 август кунлари Ўзбекистон Республикасининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилиши доирасида Тошкент шаҳрида II-Иқтисодий форум ўтказилади.
Биринчи марта 2021 йилнинг июнь ойида Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган форум ўзини ШҲТ ичидаги муносабатларни ривожлантириш ва янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи самарали мулоқот платформаси сифатида намоён этди.
Тадбирнинг асосий мақсади томонларнинг эътиборини ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш муаммолари ва истиқболларига қаратиш, ШҲТ маконидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат.
Ялпи мажлис, панель мунозаралари, икки томонлама учрашувлар, Б2Б музокаралардан иборат бўлган Форумнинг тадбирларга бой кун тартиби рақамли иқтисодиёт, “яшил” технологиялар, ҳудудлараро ҳамкорлик, инвестициявий, саноат ҳамкорлигини кенгайтириш ва ўзаро муносабатларнинг бошқа устувор йўналишларининг салоҳиятини очиб беришга мўлжалланган.
ШҲТ Иқтисодий форуми нафақат ҳукуматлараро мулоқотни йўлга қўйиш, балки ишбилармон доиралар, корхоналар вакилларининг ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш ҳамда ШҲТ макони ҳудудларига инвесторларни жалб қилиш учун самарали платформага айланиши кутилмоқда.
ЎзА