Тошкентда Халқаро йога куни нишонланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги Марказий боғда 21 июнь — Халқаро йога куни муносабати билан оммавий тадбир ўтказилди.
Ўн иккинчи бор нишонланаётган мазкур анъанавий тадбир Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданияти маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Йога федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Соғлом қариш учун йога” шиори остида ўтган тадбирда йоганинг инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, руҳий барқарорлик ва ҳиссий мувозанатни таъминлашдаги аҳамияти кенг тарғиб қилинди.
Тадбирда иштирок этган спорт вазирининг маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов мамлакатимизда йогага бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётганини таъкидлади. У аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш борасида Ҳиндистон элчихонаси ва Ўзбекистон Йога федерацияси томонидан амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним йоганинг нафақат жисмоний машқлар мажмуаси, балки инсоннинг жисмоний ва маънавий саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ҳаёт фалсафаси эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, йога инсоннинг ҳаёт сифати ва фаоллигини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади.
Тадбир доирасида “Одамлар ва сайёралар учун Аюрведа” мавзусида махсус кўргазма ҳам ташкил этилди. Унда Аюрведа тиббиёти, соғлом турмуш тарзига оид маҳсулотлар, китоблар ва турли нашрлар намойиш этилди.
Кўргазма иштирокчилари табиий соғломлаштириш усуллари, касалликлар профилактикаси ҳамда саломатликни сақлашнинг анъанавий ёндашувлари ҳақида батафсил маълумот олди.
[gallery-30036]
Маълум қилинишича, Халқаро йога кунига тайёргарлик ишлари бир неча ой аввал бошланган бўлиб, мамлакатнинг турли ҳудудларида қатор тадбирлар ташкил этилди. Бу ташаббуслар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ва йогани кенг оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Турли ёш ва касб эгаларини бирлаштирган ушбу анжуман йоганинг инсон саломатлиги ва ҳаёт сифатига ижобий таъсирини яна бир бор намоён этди.
Камола ЮСУПОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА