Тошкентда фуқаронинг уйи нега бузилган?
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида бир фуқаронинг уйи бузиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати ушбу ҳолат бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, даъвогар Олмазор тумани ҳокимияти 2022 йил 6 январда жавобгарлар Ш.А. ва М.А. га нисбатан мажбурий кўчириш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судга мурожаат қилган.
Жавобгарларни оила аъзолари билан Тошкент шаҳар Олмазор тумани Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйдаги 2 та хонадонга мажбурий кўчириш ҳақида қарор қабул қилиш сўралган.
Жавобгарлар оила аъзолари билан Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорасарой кўчаси 69-уйда доимий рўйхатда туради ва истиқомат қилади.
Мазкур уй-жой Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 30 июндаги 832-сонли ва 2019 йил 27 майдаги 764-сонли қарорига асосан бузилишга тушган.
Олмазор тумани ҳокимияти вакиллари томонидан 2021 йил 10 декабрь куни жойига чиқиб, ушбу уйда яшовчи фуқаро М.А. билан суҳбат ўтказилган. Унга уй-жойи бузилиши эвазига Тошкент шаҳар ҳудудидан 4 хонали уй-жой олиб бериш таклифи берилган.
Бироқ, фуқаро ушбу таклифни рад етиб, Қорасарой кўчаси 69-уйда доимий рўйхатда турувчиларга ҳам уй-жой ажратиш масаласини кўриб чиқишни сўраган.
Иккинчи маротаба 2021 йил 13 декабрь куни фуқаро М.А. билан яна суҳбат ўтказилган. Фуқаро уй-жой бузилиши эвазига 400 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи берилишини талаб қилган.
Учинчи маротаба 2021 йил 14 декабрда ушбу уйда яшовчи М.А. билан суҳбат ўтказилган. Унинг уй-жойи бузилиши эвазига Олмазор тумани Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйга олиб борилиб, 2 та хонадон кўрсатилган.
Аммо фуқаро кўрсатилган хонадонларни олишни рад этган ва бузилаётган уй-жойи ўрнига Шайхонтоҳур тумани ҳудудида “Golden hоuse” томонидан “Жангоҳ” мавзесида қурилган янги уйлардан олиб беришни ёки 400 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи берилишини талаб қилган.
Бу ҳақда тегишли тартибда расмийлаштирилган далолатномалар мавжуд.
Бузилаётган уй-жой “Рrоfessional expertise” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2021 йил 27 июлда баҳолаш ишлари олиб борилган. Баҳолаш натижасида низоли уй-жой бозор қийматига кўра 763 миллион 753 минг сўмга баҳоланган.
Фуқарога таклиф этилган Олмазор тумани Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйдаги 2 та хонадон туман ҳокимлиги ва сотувчи ўртасида икки томонлама келишув битимига асосан 1 миллиард 182 миллион 384 минг сўмга баҳоланиб, туман ҳокимлиги балансига олинган.
Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорасарой кўчаси 69-уйда яшовчи фуқароларга бузилишга тушган уйининг баҳосига нисбатан ортиқ бўлган Олмазор тумани Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйдан 2 та хонадон ажратиш таклиф этилган бўлсада, улар ушбу хонадонларни олишни рад этган.
Шу сабабли Олмазор туман ҳокимияти Ш.А. ва М.А.ни оила аъзолари билан Тошкент шаҳар Олмазор тумани Ёғду кўчасида янги қурилган 6-уйдаги 2 та хонадонга мажбурий кўчириш ҳақида қарор қабул қилишни сўраган.
Мазкур даъво ариза бўйича фуқаролик иши 2022 йил 6 январь куни суднинг иш юритувига келиб тушган.
Фуқаролик иши бўйича суд мажлиси 2022 йил 17 февраль кунига тайинланган ва тарафларга белгиланган тартибда чақирув қоғози юборилган.
2022 йил 17 февраль куни жавобгарлар келмаганлиги сабабли фуқаролик иши жавобгарларнинг иштирокисиз сиртдан кўрилиб, даъвогар Олмазор тумани ҳокимиятининг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган.
Ҳал қилув қарори 2022 йил 24 февраль куни жавобгарларга юборилган.
Ҳал қилув қарори ижро қилиш учун 2022 йил 17 март куни Олмазор тумани мажбурий ижро бюросига юборилган.
2022 йил 24 март куни жавобгарлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2022 йил 17 февралдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида судга ариза келиб тушган.
Мазкур аризани судда кўриладиган вақт бўйича тарафларга хабар берилган.
ЎзА