Тошкентда “Долзарб 30 кунлик” назорат тадбирлари олиб борилмоқда
Жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг серқуёш заминида етиштирилаётган витаминларга бой мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги экинларини, хусусан, иссиқхоналарда интенсив усулда етиштириладиган полиз ва сабзавот маҳсулотлари ҳажмини кенгайтиришни талаб этмоқда.
Мазкур жараёнда экинлар ҳосилдорлигини пасайтирувчи ва экспорт салоҳиятига жиддий зарар етказувчи зараркунандаларга қарши самарали кураш олиб бориш долзарб масала ҳисобланади.

Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, айни кунларда Тошкент шаҳрининг 12 та туманига бириктирилган карантин инспекторлари томонидан “Долзарб 30 кунлик” назорат тадбирлари амалга оширилмоқда. Тадбирлар доирасида шаҳар ҳудудидаги мавжуд иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор экинларида кенг тарқалиши мумкин бўлган “Помидорнинг жигарранг бужмайиш вируси”, шунингдек, цитрус ва помидор экинларининг хавфли зараркунандалари ҳисобланган “Помидор куяси”, “Цитрус инли куяси” ҳамда “Цитрус оққаноти”га қарши уйғунлашган кураш тадбирлари олиб борилмоқда.

Мазкур зарарли организмлар ўз вақтида аниқланмаса, экинларга жиддий зарар етказиши, ҳосил сифатини пасайтириши ва натижада экспорт ҳажмининг камайишига олиб келиши мумкин.
Назорат тадбирлари давомида ҳар бир туманга бириктирилган инспекторлар томонидан, барча агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарда мавжуд цитрус ва сабзавот экилган майдонлар тўлиқ хатловдан ўтказилмоқда.


Шунингдек, шаҳар ҳудудларидаги боғдорчилик хўжаликлари, томорқа ер эгалари, марказий кўчалар ва яшил ҳудудлардаги ўсимликлар ҳам кўздан кечирилиб, зарарли организмлар мавжудлиги гумон қилинган ўсимликлардан намуналар олинмоқда. Олинган намуналар сайёр лабораториялар ёрдамида тезкор текширувдан ўтказилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу “Долзарб 30 кунлик” назорат тадбирлари 2026 йил 16 февралга қадар давом этади. Тадбирлар экинларни муҳофаза қилиш, маҳсулот сифатини ошириш ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА