Тошкент йилнинг энг муҳим инвестициявий воқелигига тайёргарлик кўрмоқда
Жорий йил 16-19 июнь кунлари пойтахтимизда яна бир йирик нуфузли тадбир бўлиб ўтади. Тошкент 5-Халқаро инвестиция форуми (ТИИФ), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши 4-мажлиси ҳамда экспорт салоҳияти кўргазмасига мезбонлик қилади. Айни пайт мазкур нуфузли анжуманларга тайёргарлик қизғин кечяпти. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида логистикадан бошлаб, тадбирлар мазмун-моҳиятигача бўлган барча босқичларни мувофиқлаштирувчи Марказий штаб тузилган.
Глобал қамров ҳақида гапирилганда, юзлаб топ-менежерлар ва инвесторлар ўз иштирокини тасдиқлаганига эътибор қаратиш жоиз. Хорижий маърузачилар ҳамда ялпи мажлис модераторлари таркиби шакллантирилмоқда.
Инфратузилма борасида Call-марказ ва транспорт штаби ишга туширилди. Имзоланиши режалаштирилган инвестициявий ва савдо битимлари манзилли рўйхати тузиляпти. Ишбилармонлик муҳити доирасида дастурга В2В музокаралари ва нетворкинг учун мўлжалланган фуршетлар киритилган.
Форум фақат йиғилишлар билан чекланмайди – Олимпия шаҳарчасида теннис турнири ва 1 000 киши иштирокида кенг кўламли марафон бўлиб ўтади.
Меҳмонларни ёрқин тадбирлар, жумладан “Стихия” халқаро фестивали, эксклюзив коллаборация – замонавий Ўзбекистоннинг креатив салоҳиятини акс эттирувчи электрон мусиқа ва санъат иммерсив шоуси кутмоқда.
Қайд этиш керак, “ТИИФ-2026” энди шунчаки мулоқот майдони эмас, балки йирик келишувларга эришиш, ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини намоён этиш имконини берувчи стратегик платформадир.
Хуллас, Тошкент жаҳон ишбилармон доиралари вакилларини кутиб олишга шай.
Гўзал Сатторова, ЎзА