Тошкент халқаро ярим марафони аҳоли ўртасида саломатликни тарғиб этади
Пойтахтимиз Тошкентда ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрамига бағишлаб “Тошкент халқаро ярим марафони” бўлиб ўтади.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёшлар ўртасида жисмоний фаолликни оширишга қаратилган мазкур оммавий спорт тадбирини юқори савияда ташкил этиш мақсадида айни кунларда тегишли ташкилот ва спорт федерациялари томонидан зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 6 сентябрида ўтадиган мазкур мусобақада нафақат мамлакатимиз, балки бир қатор давлатларнинг енгил атлетикачилари иштирок этиши кутилмоқда.

Ташкилий қўмита маълумотига кўра, ярим марафон мусобақаларида 30 минг нафарга яқин ҳамюртларимиз ва хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Ёшларни бирлаштирувчи чинакам дўстлик майдонига айланадиган мусобақалар Халқаро енгил атлетика федерацияси тақвимидан ўрин олган бўлиб, мусобақаларда муносиб иштирок этган спортчиларга тегишли рейтинг баллари тақдим этилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА