Тошкент вилоятидаги илғор лойиҳалар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Тошкент вилоятида бўлиб, амалга оширилаётган йирик инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Сафарнинг дастлабки манзили Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ дарвозаси бўлди. Меҳмонлар ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, замонавий инфратузилма ечимлари ҳамда туризм салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар билан танишди. Ҳудуднинг табиий имкониятларидан самарали фойдаланиш, янги туристик йўналишларни ривожлантириш ва замонавий объектларни барпо этиш борасидаги тажрибалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Кейинги манзил ҳудуддаги замонавий рекреацион маскан – “Ugam River” маркази бўлди. Тоғлар бағрида, Угам дарёсининг шовуллаб оқаётган соҳилида жойлашган ушбу маскан меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Марказда яратилган қулай шароитлар, меҳмонларга кўрсатилаётган хизматлар сифати, соғломлаштириш ва рекреация йўналишларида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Денгиз сатҳидан 950 метр баландликда жойлашган "Ugam River" бугунги кунда нафақат маҳаллий аҳоли, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюраётган сайёҳлар учун ҳам жозибадор масканга айланиб бормоқда. Шунингдек, раҳбарлар “Чимён” туристик мажмуаси ҳудудида жойлашган “Заъфарон” меҳмонхонаси фаолияти, меҳмонлар учун яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган хизматлар сифати билан қизиқишди.
Ташриф дастури доирасида ҳудудлар раҳбарлари Чирчиқ шаҳрида фаолият юритаётган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки билан ҳам танишди.

Даставвал, меҳмонларга технопарк фаолияти ҳамда кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар тақдимоти намойиш этилди. Унда ҳудудда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва саноат салоҳиятини оширишга қаратилган режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг делегация аъзолари термопластик эластомер гранулалар ва улардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “NovoPlast TPE” корхонаси фаолияти билан танишдилар. Корхонада замонавий технологиялар асосида импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани қайд этилди.

Раҳбарлар “Занжир дунёси” тақинчоқлар кўргазмасида ҳам бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари, уларнинг сифати ва дизайн ечимларини кўздан кечирди. Таъкидланганидек, технопарк ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар саноатни диверсификация қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А. Мусаев, ЎзА