Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Президентимизнинг 2025 йил 26 майдаги “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Тошкент вилоятида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, вилоят Маданият бошқармаси тасарруфидаги Болалар мусиқа ва санъат мактабларида таҳсил олаётган 70 нафар иқтидорли ўқувчи Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси ҳамда Касаба уюшмалари вилоят кенгаши кўмагида Ангрен шаҳрида жойлашган “Истиқбол” болалар оромгоҳига юборилди.

Ёш истеъдодлар 12 кун давомида Ангреннинг мусаффо табиати қўйнида мазмунли ҳордиқ чиқариш билан бирга, мусиқа, тасвирий санъат ва ижод йўналишларида ўз билим ҳамда маҳоратини янада ошириш имкониятига эга бўлади. Махсус дастур доирасида тажрибали устозлар ва малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар ҳамда амалий машғулотлар ташкил этилади.
Мазкур лойиҳа ёшларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш, уларнинг истеъдодини қўллаб-қувватлаш, ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва санъатга бўлган қизиқишини янада юксалтиришга хизмат қилади.
***
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қуйиш маркази ҳамкорлигида “Мен донорман” қон топшириш хайрия акцияси ташкил этилди.

“Эзгулик, албатта, қайтади” шиори остида ташкил этилган мазкур акция ёшлар ўртасида инсонпарварлик, ижтимоий масъулият ва ўзаро ёрдам туйғуларини мустаҳкамлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморларнинг қон ва унинг таркибий қисмларига бўлган эҳтиёжини қондиришга кўмаклашиш мақсадида ўтказилди. Акцияда ҳудуддаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган 60 нафар ишчи-ходимлар ихтиёрий равишда қатнашиб, инсон ҳаётини сақлаб қолишдек эзгу ташаббусга ўз ҳиссаларини қўшди.
Тадбир давомида иштирокчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг соғлиги мутахассис шифокорлар томонидан текширилди. Тиббий талабларга жавоб берган донорлардан белгиланган тартибда қон олинди.
***
Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни муносабати билан Зангиота туманидаги С. Раҳимов – Ўртаовул станциялари оралиғида барпо этилаётган замонавий йўл ўтказгич қурилишида меҳнат қилаётган темирйўлчилар учун байрам тадбири ташкил этилди.

Туман Маданият саройида ёзилган байрам дастурхони атрофида қурувчилар ва темирйўл соҳаси вакиллари иштирок этди. Тадбирда Зангиота тумани ҳокими Эркин Рустамов сўзга чиқиб, темир йўл тизимида ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда муносиб ҳисса қўшаётган барча ходимларни касб байрами билан самимий табриклади. Уларнинг машаққатли меҳнати, масъулияти ва бунёдкорликдаги хизматлари юксак қадрланишини алоҳида таъкидлади.
Таъкидланганидек, Ўртаовул станциялари оралиғида бунёд этилаётган замонавий йўл ўтказгич нафақат транспорт қатновини янада қулайлаштириш, балки ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳудуд инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур бунёдкорлик ишларида темирйўлчиларнинг масъулиятли ва машаққатли меҳнати алоҳида ўрин тутмоқда.
Тадбир давомида Тошкент вилоятининг таниқли санъаткорлари ва хонандалари томонидан Ватанга муҳаббат, бунёдкорлик ва меҳнатни улуғловчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Мусиқий дастур эса байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
А.Мусаев,ЎзА