Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Тошкент вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси, ИИВга қарашли Зангиота туманидаги Қоровул қўшинлари ҳарбий қисми ҳамкорлигида "Сувни биргаликда асраймиз" шиори остида экологик тарғибот тадбири ташкил этилди.
Унда ёшлар сув ресурсларини асраш, ундан оқилона фойдаланиш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги тарғибот ишларида фаол иштирок этди. Шунингдек, мутахассислар томонидан сувни тежаш, табиий бойликларни асраб-авайлаш ва экологик масъулиятни ошириш юзасидан тавсиялар берилди. Мазкур ташаббус ёшлар қалбида табиатга меҳр, экологик маданият ва сув ресурсларига нисбатан масъулият ҳиссини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

***
Оҳангарон туманида "оғир" тоифага киритилган маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалий ишлар давом этмоқда. Бу борада Убайд маҳалласида ҳам аҳоли учун қулай ва хавфсиз транспорт ҳаракатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, маҳалланинг Ҳожибой қишлоғидаги 1,2 километр узунликдаги ички таъмирталаб йўллар тўлиқ асфалтлаштирилиб, фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилди. Амалга оширилган ишлар аҳолининг кўп йиллик мурожаатларидан бирига амалий ечим бўлди.

Шу билан бирга, Шоштепа қишлоғида ҳам 1,2 километр узунликдаги ички йўлларни асфалтлаштириш ишларига старт берилади. Қурилиш жараёни белгиланган режа асосида олиб борилиб, яқин кунларда мазкур ҳудудда ҳам замонавий йўл инфратузилмаси яратилади. Лойиҳани амалга ошириш учун жами 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, ушбу ишлар маҳаллада транспорт ҳаракатини янада енгиллаштириш, аҳолига қулайлик яратиш ҳамда ҳудуднинг обод қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади.
***
“UMID” хайрия жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Бўстонлиқ туманидаги “Чотқол” соғломлаштириш санаторийсида 18–35 ёшли 1-тур қандли диабет билан яшовчи 30 нафар қиз учун бепул соғломлаштириш ва дам олиш дастури ташкил этилди. Унда Тошкент вилоятидан ҳам беморлар бор.

Дастур давомида иштирокчилар диабетни назорат қилиш бўйича амалий машғулотларда қатнашиб, физиотерапевтик муолажалардан ўтди ҳамда InBody диагностикаси орқали организм кўрсаткичлари баҳоланди. Шунингдек, психолог иштирокида ўтказилган машғулотларда руҳий барқарорликни сақлаш ва ижобий ҳаётий ёндашувни шакллантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
А.Мусаев,ЎзА.